Ғоз боқиш қийин эмас. Ҳураги, суви ва сузиши учун ҳовузча бўлса кифоя. Ғозларни оилаларга ажратишда ҳар тўдасида 3-4 макиён ва бир эркак ғоз қилиб тақсимланади. Макиёнлари 265-350 кунлигида (қишда, баҳорда) тухумга киради. Бир мавсумда 30-50 донача тухум қўяди. Жўжаси 29-30 кунда тухумдан чиқади. Вояга етган ғозларнинг тирик вазни 5-8,7 кг. га етади. Яхши боқилган ғозлар 9 ойлигида (3,5-4,5 кг) гўштга сўйилади. Гўшти таркибида 16% оқсил, 35% ёғ бор. Ёш жўжалари парҳез гўшт олиш учун 9 ҳафталигида сўйилади.
Ўзбекистон иқлим шароитида ғозларнинг қуйидаги зотлари қизиқиш уйғотади:
- Холмогор ғозлар. Патлари ранги ок ва кулранг, тумшуғи ва оёқлари сариқ, боши катта, манглайида шиши бор, бўйни узун, кўкраги чуқур, яхши ривожланган, танаси йирик, корнида – бурмалари бўлади. Эркак ғознинг ўртача тирик вазни 7,5-8 кг, урғочисиники эса 6-7 кг. га етади. Тухумдорлиги 20-30 дона (бир мавсумда), тухумларининг оғирлиги эса 157-178 гр. гача етади.
- Тулуз зоти. Эркакларининг тирик вазни 8-13 кг, урғочилариники 7-10 кг. га етади. Биринчи йили 20-23 дона, иккинчи йилги ва вояга етганлар 38-40 донадан тухум берадилар. Тухумларининг оғирлиги эса 150-168 гр. етади. Тулуз ғозларнинг боши кулранг, буйни қора-ҳаворанг, танаси ва кўкраги – оч кулранг, орқаси эса қорамтир-кулранг, қорнидаги парлари оқ тусда бўлади. Боши кенг, қиска, тумшуғи тўғри, бўйни – ўртача узунликда, қалин, танаси – йирик кенг ва чуқур, оёклари – қисқа бўлади.
- Маҳаллий ўзбек ғозлари. Самарқанд, Бухоро, Сурхандарё вилоятларининг ва Қорақалпоғистоннинг тоғли ва лалми туманларида махаллий ўзбек ғозлари учрайди. Улар асосан кулранг тусда бўлиб, маҳаллий иқлим шароитига мослашганлар. Ушбу турдаги ғозларнинг вазни нисбатан енгилроқ бўлади: урғочи ғозлар 2,3-3,9 кг, эркаклари 3,15-5,14 кг. тош босади. Йилига 6-12 дона тухум беради.
Шунингдек, Ўзбекистонда хитой ғозларининг авлодлари кўп учрайди. Улар йирик эмас, манглайида шиши яққол кўриниб туради.
Манба: «Чорвачилик асослари», Б.О. Абдолниёзов
[print-me]
