Мамлакатимизнинг лалмикор ерларида полиз экинлари ҳосилдорлигини тупроқда куз-қиш ойларида тўпланган нам миқдори белгилайди. Шунинг учун лалмикор ерларда асосий эътибор ерда кўп нам тўплаш ва уни
тўла сақлаб қолишга қаратилиши керак.
Полиз экинлари экиш учун ерни тўғри танлаш жуда катта аҳмиятга эга. Бунда паст текисликлардаги эриган қор ва ёмғир сувлари тўпланадиган, ёзда тупроқ намлиги жанубий қияликлардагига қараганда 1,5-2% юқори бўладиған шимолий ва шимоли-ғарбий қияликлардаги ерлар энг яхши ҳисобланади. Ерларни экишга тайёрлаш кузда 20-22 см чуқурликда шудгорлаш ва баҳорда экин экиш олдидан қайта ҳайдашдан иборат. Лекин ерлар кузда оддий усулда шудгорланса, тупроқ нами қочиб қолганлигидан ер сифатсиз ҳайдалиб, кесак кўчади. Бундан ташқари, ер кузда ва баҳорда қайта ҳайдалиши туфайли маҳсулот таннархи қимматлашиб кетади.
Ўзбекистон лалмикор деҳқончилик илмий текшириш институти ерларни кузда шудгор қилмай, баҳорда апрел ойида 20-22 см чуқурлиқда ҳайдашни ва май ойида экин экиш олдидан 16-18 см чуқурликда қайта ҳайдашни тавсия қилади.
Ерни ҳайдаш билан бир вақтда мола бостириш керак. Полиз экинларини экиш муддати об-ҳаво шароитига қараб белгиланади. Об-ҳаво қуруқ келган йилларда эрта экиш яхши натижа беради. Намгарчилик кўп бўлган йилларда эса кечроқ экиш керак бўлади.
Одатда, полиз экинлари уруғи ивитилиб экилади. Уруғлар ерни экин экишга тайёрлаш пайтида бир йўла очиб кетилган саёз эгатлар тубига 4-6 донадан қилиб уялаб экилади. Плуг қайта ўтишида кўмиб кетилади. Полиз экинлари уруғини механизация ёрдамида экишда ғўза сеялкаларидан фойдаланилади. Бунда уруғлар олдиндан эгат очмай, текис ерга экилаверади. Экишда уруғлар тупроқнинг нам қаватига 7-8 см чуқурликка қадалиши керак. Уруғ экиш нормаси гектарига 1,5-2 кг этиб белгиланган.
Полиз экинлари озиқланиш майдонининг оптимал катталиги кўп жиҳатдан йиллик об-ҳаво шароитига боғлиқ бўлади. Лалмикор деҳқончилик илмий текшириш институтида олиб борилган тажриба натижаларига кўра, ёғингарчилик кўп бўлган йиллари қовун ва тарвузнинг озиқланиши майдони кичик (2,5-3 м2) ва аксинча, қуруқ келган пайтда катта (3-5 м2) бўлиши керак.
Полиз экинлари битта чинбарг чиқарганда яганаланади. Бунда ҳар қайси уяда биттадан соғлом майса қолдирилади. Лалмикорликда полиз экинларини парвариш қилишда ёғингарчиликдан кейин ҳосил бўладиган тупроқ қатқалоғига қарши кураш муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади. Майсалар униб чиққунга қадар қатқалоқ ротатсион мотига ёки тишли борона билан бузилади. Униб чиққандан кейин қатор оралари юмшатилади. Полиз мевалари пишиб етилишига қараб, бир марта ёки бир неча марта узилади.
Манба: «Сабзавотчилик ва полизчилик», В.И.Зуев, О.Қодирхўжаев, М.М.Адилов
[print-me]
