Узумни қуритиш усуллари ва майизбоп навлар

Ўзбекистоннинг иқлим шароити узум қуритиш учун ниҳоятда қулай. Иссиқ ёзнинг давомийлиги, нисбий намликнинг паст бўлиши, кам маблағ сарфлаб, юқори сифатли маҳсулот олишга имкон беради.

Майиз миқдорини кўпайтириш ва унинг сифатини яхшилаш учун ҳосилни териб олишга 2 хафта қолганда ток барглари олиб ташланади. Новдалари чеканка қилиниб, суғориш тўхтатилади. Чунки узум таркибида ортиқча намликнинг сақланиши қуритиш вақтини бир мунча кечиктирилади.

Қуритиш учун энг яхши навлар қуйидагилар хисобланади:
  • Уруғсиз навлар – “Оқ кишмиш”, “Қора кишмиш”, “Хишров кишмиши”, “Согдиана кишмиши”, “Ботир кишмиши”, “Зарафшон кишмиши” ва бошқалар;
  • Уруғли навлар – “Каттақўрғон”, “Штур ангур”, “Ризамат”, “Қора жанжал”, “Қора калтак”, “Султони”, “Нимранг”, “Александрия мускати”.

Узум қуритишнинг офтоби усули

Бу усул узум эрта пишиб етиладиган зоналарда қадимдан қўлланилиб, узумга дастлабки ишлов берилмаган холда ўтказилади. Бу усулда асосан «Қора кишмиш» нави қуритилади. Ёғингарчилик бошлангунга қадар қуримаслиги сабабли йирик донали узум сортларига ажратилади ва ишлов бермасдан, юпқа қилиб, ёғоч патносларга ёки олдиндан – сомонлой билан сувалган қуритиш майдонларига ёйилади. Қуритиш 18-20 кун давом этади, 22-25% қуритилган маҳсулот олинади, намлиги 18% ни ташкил қилади.

Узумни обжуш усулида қуритиш

Бу усулнинг ўзига хос хусусияти шундаки, бунда узумга аввал каустик соданинг қайнаётган сувдаги аралашмасида ишлов берилади. Сўнгра узум сортларига ажратилгандан кейин саватларги 2-3 кг дан солинади ва каустик сода аралаштирилган қайнаётган қозонга туширилади. Сувга аралаштириладиган каустик сода 0.3-0.4% ни ташкил қилади. Ишлов бериш – узум солинган саватини қозонда тутиб туриш вақти 3-6 секунд давом этади.

Бунда узум донасининг юпқа пўстида ингичка ёриқлар пайдо бўлади ва дона пўсти устидаги мўмсимон ғубор йўқолади. Бу донасидаги намнинг тез бўғланишини таъминлайди ва қуритиш жараёни тезлашади. Қуритилган маҳсулот ортади.

Қозондан олинган узумли саватлар, эритма оқиб тушиши учун панжаралар устига бир неча дақиқага қўйилади. Сўнгра патносларга ёки майдонга ёйилади. Тайёр кишмиш таркибида ишқор бўлмаслигига сабаб, у мева пўстининг ёриқларидан кирган кислоталар билан реакцияга киришиб, йўқолиб кетади. Ишқорнинг кислоталар билан реакцияга киршишида инсон соғлиғи учун зарарсиз бўлган органик тузларнинг пайдо бўлиши кузатилади.

Қуритиш учун ёйилган узумлар 3-4 кундан кейин ағдарилади ва тайёр бўлгунга қадар қуритилади. Қуритиш 6-12 кун давом этади. Қуритилган маҳсулот чиқиши 25-26% ни ташкил қилади.

Маҳсулотнинг ёғин-сочиндан ва ифлосланишдан химоя қилинмаслиги бу усулнинг камчиликларидан биридир. Бундан ташқари оч рангли узум навлари бу усулда қуритилганда улар табиий кўк рангни йўқотади. Тайёр маҳсулот қора – жигарранг тус олади, натижада сифати пасаяди ва маҳсулот бирмунча паст баҳоларда сотилади.

Манба: mirishkor.uz

Related posts

Узумчилик ва виночилик кластерлари ташкил этилади

Узум ҳосилини йиғиб олиш бўйича тавсиялар

Гилос дарахтларига шакл бериш бўйича тавсиялар