Тут меваси иммун тизимни кучайтириб, организмни юқумли касалликларга қарши ҳимоя тизимини мустаҳкамлайди, терига барвақт ажин тушишидан сақлайди, кўриш қобилиятини ошириб, кўз тўрпардасининг зарарланиши каби касалликлардан асрайди.
Ипак қуртидан мўл ва сифатли пилла ҳосил етиштириш, унинг озуқа базаси бўлган тут дарахтларидан олинадиган барг сифатига боғлиқ. Фермер хўжаликларида баҳорги қурт боқиш мавсумида чала кесилган ёки кесилмай қолган тут новдаларини кесиб олишлари керак. Йўқса келаси йил ўсиб чиққан новдаларнинг барглари майда ва сифатсиз бўлади. Бундай тутларнинг барги билан боқилган ипак қуртининг пилласи майда ва сифатсиз бўлиши кузатилган. Шу билан бирга бундай тутларни кесиш учун жуда кўп ишчи кучи ва ортиқча маблағ сарфланади.
Ўз вақтида тозалаб кесилган тут дарахтларидан кўплаб янги новдалар ўсиб чиқади. Улардан тўйимли ва мўл барг олиниб, сифатли ва юқори пилла етиштиришга имкон яратилади.
Баҳорги ипак қурти боқиш мавсумида новдалар яхши тозалаб кесилган тут дарахтлари тагини юмшатиш, тутзорлар қатор ораларига ишлов бериш ва ўз вақтида қондириб суғориш бажарилиши зарур бўлган вазифалардан ҳисобланади.
Тутзорларга ўғит бериш учун уларнинг шароитига қараб, мавсумни иккинчи ярмида ҳар гектар тутзорга 180–200 кг аммиак селитраси ва 200–250 кг суперфосфат ўғити солинади. Ўғитланган тут дарахтлари ва тутзорлар зудлик билан суғорилиши тавсия этилади. Тут дарахтлари ва тутзорлар ўз вақтида минерал ўғитлар билан озиқлантирилиб суғорилганда барг ҳосили ўрта ҳисобда 25–30% гача ошади. Баргнинг таркибида ипак қурти учун зарур бўлган моддалар етарли даражада тўпланади.
Манба: agro.uz
[print-me]