Хризантема ўстириш бўйича тавсиялар

Хризантема учун ажратилган майдон текис ва унча катта бўлмаган нишабликда бўлиши лозим. Ер майдони куз ойлари тайёрланади ва органик ўғитлар бериб, 25-30 чуқурликда ҳайдалади. Бегона ўтлар олиб ташланади ва ариқлар олинади.

Пушталар калтароқ 25-30 м узунликда ва баландлиги 20-25 см бўлиши лозим. Қаторлар оралиғи 60-70 см бўлиши керак. Қаторлар назоратлаш учун суғорилади, камчиликлар бартараф қилинади, сўнгра экишга киришилади.

Кўчатларни маҳаллий шароитга қараб гулзорларга турли вақтда кўчириб ўтқазиш мумкин. Улар офтоб, чала офтоб тушадиган жойларни ёқтиради. Яхши ўсган ва бақувват ўсимликлар 10 апрелдан бошлаб кўчириб ўтқазилади. 1-2°С совуқ зиён етказмайди. Бунда қатор оралари 60-80 см, ўсимликлар ораси эса 40-50 см қилиб олинади. 10-15 см чуқур қовлаб, уни сувга тўйинтириб, экиб чиқилади.

Кўчат оралиғи экилаётган жойга қараб танланади. Ўсимликлар гулзорга экилгандан кейин уларни бир неча кун давомида қондириб суғориш лозим. Гуллари узиб олинадиган гулзорлардаги ўсимликларда биттадан ғунча қолдириб, қолганлари олиб ташланади. Ортиқча ғунчаларни узиш даврида ўсимликлар озиқлантирилади, яъни ҳафтада бир-икки марта суюқ ўғит билан суғорилади. Хризантемани кейинчалик парвариш қилиш — бутун ёз бўйи қаторлар орасини юмшатиб туриш, ўсимликлар орасини чопиш, бегона ўтларни юқотиш, тупларига шакл бериш ва вақтида суғоришдан иборат.

Хризантема асосан қаламча усулида кўпайтирилади. Бунинг учун она кўчатдан очилиб бўлган, пишган соғлом новда олинади.

Кесиб олинган соғлом новдадан 3 бўғим қилиб қаламчалар кесиб чиқилади. Қаламчанинг таг қисмидаги 2 та барги олиб ташланади. Тайёр қаламчалар 1 соат давомида карновинг дорисига ботириб қўйилади. Карновингдан олингандан кейин 10-15 см қалинликдаги қумга қадаб чиқилади. Қаламчалар ораси 1-2 см бўлади. Қадалган қаламчалар усти плёнка билан ёпилади. Бу ишлар асосан май, июнь ва сентябрь ойларида қилинади. Қаламчалар илдиз олгандан кейин плёнка ичидан олиниб, очиқ ерга экилади.

Хризантема гули сувни яхши кўради, шу боис ҳафтада 2 маротаба суғориш керак. Қаторлар оралиғи 6-8 маротаба юмшатилиб, қўл кучи ёрдамида 10-15 см чуқурликда чопиқ қилинади.

Минерал ўғит меъёри ҳар 10 л сувга 20-25 г селитра аралаштириб тайёрланади ва суғорилади. Хризантема гулига асосан очилиш, гуллаш даврида шираларга қарши 20% ли Моспилан эм.к. препарати сепилади.

Манба: «Боғбоннома», Ҳусайн Каримов, Ҳамро Ортиқов 

[print-me]

Related posts

Чиннигул қандай етиштирилади?

Атиргул ўстириш бўйича тавсиялар

Лолани экиш ва парваришлаш бўйича тавсиялар