Боғ-токзорларда сентябрда бажариладиган ишлар

Жорий йилда мамлакатимиз боғ ва токзорларида кўп мева ва узум ҳосили етиштирилди. Баҳорнинг эрта келиши ҳамда июнь-август ойларида ҳавонинг ҳаддан ташқари юқори исиб кетиши боис боғларимизда ва токзорларимизда мева-узумлар 15-20 кун олдин пиша бошлади. Натижада, ушбу ҳолат айрим вилоятларда фермер хўжаликларини шошириб қўйди. Боғларда мевалар тезлик билан пишганлиги боис, биринчи навбатда, пишиб етилган мевалар кетма-кет терилиб, савдо тармоқларига ва қайта ишлаш саноатига юборилмоқда. Сентябрь ойида мевали боғларда ва токзорларда мавсумий парвариш ишлари, асосан, тугалланган бўлиб, мева ва узум ҳосилини қишга сақлаш учун теришга эътибор қаратиш зарур.

Меваларнинг кечпишар навлари бу йилги шароитда сентябрь ойи бошида пишиб етилиб бўлди. Эндиги вазифа ушбу ҳосилни нест-нобуд қилмасдан териб олишга қаратишдан иборат бўлиши зарур. Бунинг учун теримчиларга мева-узум ҳосилини териш техникаси тушунтирилиб, улардан ҳосилни сифатли қилиб териш талаб этилади.

Боғларда, энг аввал, ерга тўкилган мевалар териб олинади, кейин дарахтдаги ҳосил узилади. Узилган мева-узумлар товар ҳолатига келтирилади, яъни улар сараланади, катта-кичикликка кўра ажратилади ва яшикларга тахланади. Яшикларга жойланган мева-узум маҳсулотлари транспорт воситаларига ортилиб, сақлашга, қайта ишлашга, сотувга юборилади ёки экспорт қилинади.

Айрим данакли мевалилардан шафтоли ва олхўри меваларининг пишиб етилганлари қуритишга, яъни салқин жойларга, дарахтлар тагига қўйиб, очиқ ҳавода қуритилади.

Қишки олма, нок ва беҳи навларининг асосий қисмини сақлаб, яъни омборхоналарга ҳамда совутгичли омборхоналарга жойлаб, кеч куз ва қиш ойларида экспортга йўналтириш ҳамда аҳоли истеъмоли учун сотувга чиқаришга қаратиш зарур.

Қишки узум навларидан “Пушти тойфи”, “Нимранг”, “Ҳусайни”, “Ризамат” навларининг бир қисмини экспорт қилиб, қолганини сақлашга қўйиш мумкин. Саноатбоп узум навларининг ҳосили қайта ишлаш корхоналарига юборилади.

Ушбу ойда пишган кечки мева-узумнинг бир қисми сақлашга қўйилади. Мева-узум маҳсулотлари ертўлалар, омборлар, оддий ўралар ҳамда совутгичли омборхоналарда сақланади. Мева-узум маҳсулотларини сақлаш учун энг яхши шароит: ҳаво харорати ва намликни доимо аниқ белгиланган даражада ушлаб туриш.

Мевалар етилганда, уларни об-ҳаво қуруқ вақтда, банди билан бирга авайлаб узиш керак. Сақлаш учун терилган мевалар етилиш даражаси бўйича навларга ажратилади ва улар ўлчамлари бўйича саралаб, яшикларга жойланади, 7-8 яшикни устма-уст, омборни шипигача 50-60 см. масофа қолдириб тахланади. Яшикларнинг айрим қаторлари ўртасида ҳаво юриши учун 10 см. тирқиш ва оралиқда юриш учун 60-80 см. ли йўлак қолдирилади.

Олма ва нокни 5-6 ойгача сақлашнинг энг яхши шарт-шароити: ҳаво ҳарорати 0 — 10°C ва нисбий намлик 85-95% бўлиши керак. Албатта, оддий ертўлаларда бундай шароитга эришиш қийин, шунинг учун юқоридаги шароитга яқинлашишга ҳаракат қилиш керак, яъни ҳавони шамоллатиб, сув сепилиб, олтингугурт билан дудлаш ва мева-узумларнинг сифатини кузатиб бориш талаб этилади.

Узум сақланаётганда эҳтиёткорлик билан узилган узум бошларини сояга ёйиб, 1-2 кун мобайнида шамоллатиб сўлитилади. Сўнгра узум бошларини иккитадан бойлаб осиб сақласа бўлади. Ёки узун новдалар билан кесилган узум бошлари новдаси сувли идишга ботириб қўйиб сақланса, натижаси яхши бўлади, яъни узум узоқроқ сақланади.

Мева дарахтларини қишлашга тайёрлаш зарур. Жорий йилнинг июнь-июль ойларида ҳаво-ҳароратининг қаттиқ исиб кетиши боис тупроқда нам анча камайган. Бунинг учун тупроқ қатлами қалин бўлган бўз ва бўз-ўтлоқ ерларга экилган боғларни сентябрь ойи бошида, тупроқ қатлами юпқа бўлган (таги шағалли ерларда) майдонларда сентябрь ойининг охиригача суғориш зарур. Бунда дарахтлар қишга яхши тайёрланади ҳамда улар совуқдан азият чекмайди.

Манба: «Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги» журнали 9-сон 2020 йил, Равшан Абдуллаев, Ҳилола Абдуллаева, Академик М.Мирзаев номидаги БУваВИТИ

[print-me]

Related posts

Узумчилик ва виночилик кластерлари ташкил этилади

Узум ҳосилини йиғиб олиш бўйича тавсиялар

Гилос дарахтларига шакл бериш бўйича тавсиялар