Қулупнай – энг мазали мевалардан биридир. У жуда ширин ва фойдали мева ҳисобланади. Унинг пишишини жуда кўпчилик интизорлик билан кутади. Чунки қулупнайларни ёшу кекса – барча яхши кўради. Шу сабаб бўлса керак, ёзда меванинг ўзи истеъмол қилинса, қиш учун ундан мураббо ва шарбатлар тайёрлаб қўйилади.
Қулупнайларда 5-12% углевод (глюкоза, фруктоза, сахароза), лимон ва олма кислотаси ва фенол бирикмалар бор. Витаминлардан эса А, С, В ва минераллардан: темир, асал, кобалт, марганец, молибден ва фтор мавжуд.
Қулупнайлар нимаси билан фойдали?
Агар вазн ошиб кетишидан чўчимасангиз, унда қулупнайни қаймоқ, сметана ёки творог билан бирга истеъмол қилсангиз бўлади. Сут маҳсулотларидаги ёғлар ичак деворларига бирикади ва қулупнайнинг безовта қилувчи ҳолатларининг олдини олади. Агар кишида ичак безовталаниши бўлмаса, қулупнайни янги сут билан истеъмол қилса ҳам бўлади.
Қулупнайни шакар билан ейиш ярамайди, чунки шундоқ ҳам киши организмида шакар моддаси етарлича. Ушбу мевани бошқа таомлар билан аралаштирмай, биринчи ёки иккинчи овқатдан сўнгина истеъмол қилинг, чунки у ошқозон ичида бижғиш хусусиятига эга.
Кимда-ким ўз иммунитетини кучайтиришни истаса бунга қулупнай ёрдам беради. Олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, қулупнай кашанда ва бошқа зарарли одати бор кишиларнинг турли касалликларга чалиниш хавфини пасайтирар экан.
Бундан ташқари, қулупнайларда яна бир ўзига хос хусусият борки, улар кам калорияли мева ҳисобланади. 100 грамм қулупнайда 30 ккал калория мавжуд. Бу мевада сахароза кўп, аммо фруктоза анчайин етарли. Ёғ умуман йўқ, оқсиллар кўп. Бу парҳезга амал қилувчилар учун жуда яхши.
Қулупнай ичакларни тозалашда, жигар ва буйракнинг яхши ишлашига, қабзият ва анемияга қарши, шунингдек, буқоқнинг олдини олишда қўл келадиган фойдали мевадир.
Қулупнайнинг зарарли хусусиятлари
Қулупнай жуда “инжиқ” мева бўлиб, барчага тенг фойдали бўлавермайди. Таркибидаги кислота сабаб ошқозон-ичак йўлларида касаллиги бор кишилар учун у жуда зарарлидир. У айрим кишиларда турли аллергияни қўзғатиши мумкин. Қон босими юқори кишиларга ҳам уни истеъмол қилишни тавсия этишмайди. Ёдда сақланг: қулупнайни меъёридан ортиқ ейиш инсон организми учун хавфлидир.
Бир кунда кўпи билан ярим килоча қулупнайни истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир. Организм айнан шунча миқдордаги қулупнайни ҳазм қила олади.
7 ёшдан кичик болаларга қулупнайларни бериш тавсия этилмайди. Кечпишар қулупнайни берса бўлади, фақат кунига бериладиган миқдори 100 граммдан ошмаслиги керак.
Манба: kun.uz
[print-me]