Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 апрель куни қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Қайд этилганидек, карантин қанча вақт давом этишидан қатъий назар, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи камаймайди. Шу боис мева-сабзавотчилик ва чорвачилик тармоқларида маҳсулот етиштириш ҳажмини 2 баробарга ошириш вазифаси қўйилмоқда.
Ушбу вазифани бажариш мақсадида жорий йилда 124 минг гектар оборотдан чиққан ерларни тўлиқ ўзлаштириш белгиланди.
Пандемия шароитида уруғликлар таъминотида узилишлар бўлмаслиги кераклиги айтиб ўтилди.
Ҳар йили мамлакатимизга 300 минг тоннага яқин картошка, шунингдек, 10-15 минг тонна уруғлик картошка чет элдан олиб келинади. Шу боис Қўрғонтепа, Бахмал, Зомин, Шаҳрисабз, Китоб, Янгиқўрғон, Булунғур, Бўстонлиқ туманлари уруғлик картошка етиштиришга ихтисослаштирилиши белгиланди.
Тизимдаги яна бир муаммо – мева-сабзавот етиштириш учун 255 минг тонна фосфорли, 290 минг тонна азотли ўғит етишмайди. Шунингдек, ўғитларнинг биржа савдолари орқали сотилиши ҳам деҳқонларга қатор қийинчиликларни туғдирмоқда. Шу боис “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятига мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 55 та туманда ўғит дўконлари ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Манба: sof.uz
[print-me]