Ёз кириб келганига қанчалар қувонамиз — музқаймоқ танаввул қилиш, ҳовуз ва дарьё-сойларда чумилиш мумкин. Аммо ёз келиши билан, иссиқ жазирама кунлар ҳам кириб келади. Хўш, ушбу жазирама иссиқ кунларни енгиб ўтишда бизларга нималар ёрдам бера олади?
Мутахассислар фикрича, ёз кунлари табиий — ёрқин рангдаги, пахта матосидан бўлган кийимларни танлаш мақсадга муофиқ. Чунки табиий матодан тикилган кийимлар терини нафас олишига имкон яратади. Ҳамда тана ҳароратининг кўтарилиб кетишини олдини олади.
Иложи борича тўғри тушаётган қуёш нуридан сақланишга ҳаракат қилинг. Иссиқ кунда бош кийим кийиб юриш ёдингиздан кўтарилмасин.
Қуёш нури 12.00 дан 16.00 гача жуда ҳам фаол ҳолатда бўлади. Шунинг учун шу вақт оралиғида кўчага чиқишни режалаштирмаганингиз маъқул. Аммо вазият шу вақт оралиғида ташқарига чиқишга мажбур этса, тананинг очиқ жойларини қуёш нуридан асрашга ҳаракат қилинг.
Тез бузиладиган егулик маҳсулотларини харид қилмаганингиз маъқул. Чунки иссиқ ҳароратда бактериялар жуда ҳам тез кўпаяди. Бу эса заҳарланишга олиб келиши мумкин. Ўзингизни ҳар ҳил кераксиз ҳаяжонлардан асранг, ҳар қандай таъсирланиш офтоб уриши ҳавфини оширади.
Жазирамада нима ичиш керак?
Иссиқ об-ҳавода организмда сув баланси бузилади, ҳамда кўп намлик йўқотади. Шунинг учун жазирамада кунига 3 литрдан кам бўлмаган миқдорда суюқлик истеъмол қилишимиз лозим.
Ёз куни чанқоқни ҳар ҳил олча, олма ва нордон мевалардан тайёрланган компотлар, сузмадан тайёрланган айрон ва лимонли сувлар босади.
Жазирама кунларда қаҳвадан воз кечганингиз маъқул. Чунки қаҳва иссиқ кунда чарчоқни оширади. Ширин ва газланган ичимликлар ҳақида ҳам шуни айтсак бўлади. Иссиқ об-ҳавода алкоголь ичимликларидан нафсингизни тийганингиз маъқул. Алкоголь организмни сувсизланишига олиб келади.
Жазирамада нима истеъмол қилиш лозим?
Иссиқ кунларда энг яхшиси мева ва сабзавотларни истеъмол қилганингиз маъқул. Турли салатлар, сузмали таомлар, ҳамда яхна шўрвалар ҳам тавсия этилади. Бодринг, тарвуз, қовун ҳамда нордон-ширин мевалар салқинлатиш хусусиятига эга.
Жазирамада жуда ҳам ёғли ва шўр таомларни истеъмол қилишдан ўзингизни сақланг. Албатта ҳамма нарсанинг меъёри бўлганидек, яхна ичимликлар ва таомларни ҳам меъёрида истеъмол қилишингиз мумкин. Соғлом ва меъёрий овқатланишдан ҳам воз кечиш керак эмас.
Ёз куни ишда ҳам, уйда ҳам фаол ҳаракатли ишлардан ўзингизни чегараласангиз мақсадга муофиқ бўлади. Ақлий ва жисмоний ҳаракатларни камроқ амалга оширинг. Кечиктириб бўлмайдиган ишларни салқинроқ пайтда қилишингиз ҳам мумкин.
Манба: myday.uz
[print-me]