Ўзбекистонда буғдойнинг пишиб етилиши йилнинг энг иссиқ муддатларига тўғри келади. Буғдой пишгандан кейин қисқа вақт давомида йиғиштириб олинмаса, унинг бошоқларидаги дон ўз-ўзидан тўкила бошлайди. Шамол, ёввойи қушлар ва кемирувчилар зарари натижасида ҳосил нобудгарчилиги белгиланган миқдордан ошиб кетади.
Кузатишлар шуни кўрсатадики, буғдой пишиб етилгандан кейин бир ҳафта ичида йиғиштириб олинмаса, бошоқдаги доннинг ўзидан-ўзи тўкилиши натижасида кунига 1,0-1,2 фоиздан ошиб бораверади. Тўлиқ пишиб етилган ғаллани ўриб-йиғиб олишда бир ҳафта ичида нобудгарчилик 7-9 фоиз бўлса, иккинчи ҳафтасидан бошлаб 12-15 фоизга ошади.
Даладаги ҳосилнинг 90-95 фоизи тўлиқ пишиб етилганда ва доннинг намлиги 18-20 фоиз бўлганидан сўнг уни комбайнлар ёрдамида тўғридан-тўғри йиғиштириб олишга киришилади.
Нобудгарчиликнинг асосий сабаблари:
- Биринчидан — ўрим-йиғимнинг ташкилий шароитлари: ўрим-йиғимнинг вақтида бошланмаслиги ва чўзиб юборилиши, далаларнинг бўлакларга нотўғри тақсимланиши, ишнинг ёмон ташкил қилиниши;
- Иккинчидан — агротехник сабаблар: ғалла парваришлашда агротехник талабларнинг бузилиши, даланинг нотекислиги, кучли бегона ўт босганлиги, ўсимликларнинг ётиб қолиши;
- Учинчидан — техник сабаблар: ўрим комбайнларининг ишчи қисмлари талаб даражасида соз ҳолга келтирилмаганлиги, техника ишга ёмон тайёрланганлиги;
- Тўртинчидан — технологик сабаблар: ўрим-йиғимнинг узлуксиз давом эттирмаслиги, ишни нотўғри ташкил қилиниши натижасида комбайнлар кўпроқ тўхтаб қолиши;
- Бешинчидан — биологик сабаблар: ғалла тупларининг ётиб қолиши, доннинг паст сочилувчанлик хусусиятига эгалиги, қийин янчилиши ўрим-йиғим графигининг ғалла навлари пишиш даврини (эртапишар, ўртапишар, кечпишарлигини) ҳисобга олмасдан тузилиши;
- Олтинчидан — ўрим-йиғим даврида табиий офатлар: жала, ёмғир, дўл, қаттиқ шамол таъсирида донларнинг тўкилиши, донни зараркунандалар, кемирувчилар ва қушлар ейиши.
- Еттинчидан — комбайнчининг касб маҳорати пастлиги, тажрибасизлиги сабабли нобудгарчиликка йўл қўйилиши ва бошқалар.
Бундай сабаблар етиштирилган доннинг нобуд бўлишига турлича таъсир қилади. Шунинг учун ўрим-йиғим бошланишидан олдин, бу сабаблар чуқур ўрганилиб, қуйидаги чора-тадбирларга аҳамият берилса, ҳосил нобудгарчиликсиз йиғиштириб олинади:
- Ғалла пишгандан сўнг бегона ўтлар (қамиш, қора шўра, қўйтикан) босадиган майдонларни аниқлаш;
- Ўримни биринчи навбатда бегона ўтлар босадиган ғалла майдонларидан бошлаш.
Дон нобудгарчилигини аниқлашда 0,25 м² ли рамкадан фойдаланилади. Жумладан, рамка ўрилган даланинг 5 та ҳар хил жойига қўйилади. Сўнгра олдиндан ҳисоб-китоб асосида тузилган жадвал ёки номограмма бўйича тўкилган доннинг умумий сони ҳисобланади. Комбайнчилар учун комбайннинг иш сифатини қуйидаги яна бир жуда оддий усулда баҳолаш қулайдир. Буғдой массаси ўрилгандан кейин даланинг ихтиёрий 1 м² ли қисми кўриб чиқилади. Бу майдонда 20 тадан ортиқ дон топилиши ва 3 тадан ортиқ ўрилган бошоқлар учраши, дон нобудгарчилигига йўл қўйилганлигидан далолат беради.
Манба: Ж.Б.Худайқулов, «Буғдой етиштириш» китоби (Агробанкдан 100 китоб тўплами)
[print-me]