Юртимизда етиштириладиган винобоп узум навлари

Вино саноати учун асосий хом ашё — узум ҳисобланади. Узум ишлатилишига қараб винобоп, майизбоп ва хўраки навларга бўлинади. Винобоп навларнинг узум бошоғи катта бўлмайди, турли шакл ва рангда бўлади. Узумнинг кишмиш навларига қараганда уларнинг ширинлиги камроқ бўлади. Бундай навлардан мусаллас, шампан, кучли хамда десерт винолар тайёрланади. Узумнинг уруғсиз навлари кишмиш деб аталади. Улар қуритилиб, майиз тайёрлаш учун қўлланилади. Бу навларнинг мевалари турли рангли бўлиб қандлилиги юқори даражада бўлади. Узумнинг хўраки навларининг бошоғи йирик, турли рангда ва шаклда бўлади. Мевалари тўлиқ холатда, ширин мазали бўлади.

Ўзбекистонда етиштириладиган ва кенг тарқалган винобоп узум навлари:
  • Алеатико — Италиядан келтирилган бўлиб, Ўзбекистоннинг вилоятларида ўстиришга мослаштирилган, ўрта типлар винобоп узум нави. Бошоғининг бош қисми конуссимон тубли цилиндр шаклда бўлиб ўртача катталикка эга. Мевалари думалоқсимон кўк-қизғиш туслидир. Унинг мағзи мускат ҳидли ширин мазалидир. Бундай узум навининг 100 кгдан 75 л шарбат олинади. Ушбу навли узум бошоғининг ўртача кўрсаткичлари: оғирлиги 202 гр, донлари сони 96 та, шарбат миқдори 84,1% ни ташкил этади. Узумлар сентябр ойининг ўрталарида пишади, таркибидаги қанд миқдори 25-29%, кислоталиги 4-7 г/л гача бўлади. Бундай узумдан портвейн ҳамда юқори сифатли десерт винолар тайёрланади.
  • Баян ширей — Озарбайжондан келтирилган, юртимиз иқлимига мослаштирилган кеч пишар узум нави. Узум бошоғи цилиндр-конуссимон шаклда бўлиб, доналари тиғиз жойлашган бўлади. Мевалари думалоқ шаклда, яшил-сариқ тусли, усти мум билан қопланган, пустлоғи ўртача қалинликда бўлади. Ушбу навли узум бошоғининг кўрсаткичлари: оғирлиги 244 гр, шарбат миқдори 85,8%, қанд миқдори 25% гача етади. Баян ширей навли узумлардан мусаллас, шампан виноси ва кучли винолар тайёрланади.
  • Мускат венгерский — ўртапишар винобоп узум нави бўлиб, узум бошоғи ўртача цилиндр-конуссимон шаклда бўлади. Узум мевалари думалоқ шаклида, яшил туслидир, пўстлоғи қалин бўлиб мустаҳкам эмасдир. Ушбу узум нави пишганда унинг таркибида 24,4% қанд ва 4,7 г/л кислота бўлади. Узум ҳосилидан оқ рангли мускат типидаги десерт вино тайёрланади.
  • Ркацители — Грузиядан келтирилган ўртапишар винобоп узум нави. Узум бошоғи ўртача бўлиб, мевалари овалсимон, тилларанг-сариқ туслидир. Пўстлоғи юпқа ва мустаҳкамдир. Ушбу навли узум бошоғининг кўрсаткичлари қуйидагича: шарбат миқдори мағзи билан биргаликда 94,5% ни ташкил этади. Сентябрь ойининг бошида таркибида 20,5%, октябрнинг бошида эса 28-30% қанд бўлади. Узум ҳосилидан мусаллас, шампан виноси учун виноматериал ва десерт винолар тайёрланади.
  • Саперави — Грузиядан келтирилган ўртапишар винобоп узум нави. Узум бошоғи ўртача конуссимон шаклда бўлади. Мевалари овалсимон, қора тусли, пўстлоғи юпка калинликка эга бўлади. Бу узумнинг 1 тоннасидан 700-770 л шарбат олинади. Узум таркибида август ойининг охирида 23,5%, сентябрнинг бошида эса 25-26% қанд бўлади. Узумлар ҳосилидан асосан десерт ва кучли винолар тайёрланади.
  • Сояки — маҳаллий ўртапишар винобоп узум нави. Узум бошоғи катта, конуссимон шаклда бўлиб, доналари зичдир. Узум мевалари думалоқ оч-яшил тусли, пўстлоғи юпка бўлади. Ушбу навли узум бошоғининг кўрсаткичлари куйидагича: оғирлиги 750 г, шарбат миқдори мағзи билан биргаликда 87,8% ни ташкил қилади. Узум ҳосилидан коньяк спирти олиш учун виноматериал ва мусаллас типидаги Сояки деб номланган вино тайёрланади.
  • Оқ тойфи — маҳаллий кечпишар хўраки ва винобоп узум нави. Узум бошоғи катта конуссимон шаклда ўртача зичликка эга. Мевалари катта-катта, узун ок-яшил тусли бўлади. Пўстлоғи қаттиқ ва мустаҳкам бўлади. Ушбу навли узум бошоғининг кўрсаткичлари: шарбат миқдори мағзи билан 92%, канд миқдори 18-20%, кислоталиги 5,5-3,7 г/л ташкил этади. Хосилидан кучли винолар тайёрланади.

Манба: «Шароб тайёрлаш технологияси», И.Э.Абдуллаев

[print-me]

Related posts

Узумчилик ва виночилик кластерлари ташкил этилади

Узум ҳосилини йиғиб олиш бўйича тавсиялар

Гилос дарахтларига шакл бериш бўйича тавсиялар