Туя — туясимонлар оиласига мансуб жуфт туёқли ҳайвон. Унинг 2 тури учрайди: бир ўркачли ёки икки ўркачли. Бир ўркачли туялар бўйи 210 см гача етади, ранги қизғиш-кулранг тусда бўлади. Икки ўркачли туялар пастроқ, тўқ қўнғир тусли бўлади. Икки ўркачли туялар Осиёда сақланиб қолган. Қуруқ чўл ва даштларда яшашга мослашган, тоғли туманлар ва нам иқлимли ерларда яшай олмайди. Улар чўл ва даштлардаги бошқа ҳайвонлар емайдиган ўтларни ейди, сувни кам ичади (шўр сувни ҳам ичаверади).
Туялар гавдасининг ерга тегиб турадиган қисмларида, кўкраги, тирсаги ва тиззасида кадоқли тузилмалар бор. Шу туфайли иссиқ 70°С гача қизиган ерда ҳам ёта олади. Катта ёшдаги туянинг оғирлиги 500-800 кг етади. Туя тирик вазнига нисбатан 10-12% оғирликда юк кўтаради. Соатига 10-12 км йўл боса олади.
Туядан сут, гўшт, жун олинади. Сутидан қимиз, ёғ, пишлоқ тайёрланади. Бир ўркачлилари 2000 кг, икки ўркачлилари 750 кг гача сут беради. Сутининг ёғликлиги 4,5-5,4%. Туя жунида 85% гача тивит бўлади. Жунидан майин материаллар, юқори сифатли трикотаж, адёл ва бошқалар тайёрланади. Икки ўркачли туялардан 5-10 кг, бир ўркачлиларидан 2-4 кг жун қирқиб олинади. Туя 35-40 йил яшайди.
Туялар йил мобайнида дашт ва саҳро яйловларидаги ўт, янтоқ каби ўсимликлар билан озиқланади. Уларга фақат оғир шароитда ва қочириш мавсумидагина қўлдан пичан ва ем берилади.
Туяларнинг гўшти сифатига кўра қорамол гўштидан пастроқ баҳоланади. Гўшт чиқиши ўртача 50% атрофида бўлади. Бир ўркачли туялар асосан Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг шимолида, Қалмиқ, ва Тува вилоятида, ҳамда Волгоград, Астрахан, Чита вилоятларида учрайди.
Туя сути ўзининг шифобахш ва мазали бўлиши билан бия сутидан қолишмайди. Қимиз тайёрлаш технологияси каби туя сути ачитқичлар ёрдамида ишланади ва қисқа вақт ичида ниҳоят ажойиб ичимлик олинади. Бу ичимлик қозоқ тилида «шубат», туркман тилида «чал» деб номланади. Туялар суткасига 2-4 марта соғилади ва ҳар соғишда уларнинг ёши, вазни ва бошқа хусусиятларига кўра 0,5-1,0 литр сут соғиб олинади.
Туялар бошқа ҳайвонларга нисбатан кеч етилувчан ҳайвон ҳисобланади. Улар 2,5-3 ёшлигида жинсий балоғатга етади. Бу даврда эркак туяларни урғочиларидан ажратиб қўйиш талаб этилади. Акс ҳолда улар жуфтлашиб ўсиш ва ривожланишдан тўхтайди. Шунга кўра урғочи туялар биринчи марта жуфтлашишда 3-4 ёшлигида, эркаклари эса 4-5 ёшлигида қўйилади.
Туялардан асосан 20 ёшгача фойдаланиш мумкин. Сўнг уларнинг тишлари едирила бошлайди ва ем-хашакни ҳазм қилиш хусусияти пасаяди. Бинобарин, бунда туялар семиртирилиб гўштга топширилади. Лекин қариб қолган туяларнинг гўшти чайир ва латал бўлади.
Туяларни қочириш асосан 2 хил усулда — қўлда ва уюрда амалга оширилади. Қўлда қочирилганда бир эркак туяга 25 урғочи, уюрда эса 15-20 урғочиси режалаштирилади. Эркак туя суткасига фақат битта урғочи туяни қочириши мумкин.
Буталоқлар одатда 35-65 кг вазнда туғилади. Агар ҳаво совуқ булса туғилган буталоқлар иссиқ хонага олинади ва суткасига 5-6 марта онасини ёнига келтириб эмиздирилади. Буталоқлар ўсиб, ривожланиб борган сари ем-пичанга ўргатила борилади. Улар икки ёшга етганда 400 кг вазнга эга бўлади. Бунда уларга суткасига 10-12 кг пичан ва 1 кг ем бериш талаб этилади.
Буталоқлар 2-3 ёшлигидан қўлга ўргатила бошланади. Бунда овоз чиқариб ўтириш ва туриш машқлари ўтказилади. 5 ёшга етганда улардан тўла ҳолда фойдаланиш мумкин. Шундай килиб, ёшлигидан қўлга ўргатилган туялар анча юввош ва буйруқни ўз вақтида бажарадиган бўлади.
Манба: «Чорвачилик ва паррандачилик асослари» М.З.Муртозаев, А.А.Кушаков, Т.А.Алибоев
[print-me]