Эчкичилик ҳам чорвачиликнинг сердаромад ва серпушт тармоғи ҳисобланади. Бу тармоқ, халқ хўжалиги учун қимматли тивит, гўшт, тери ва сут маҳсулоти етиштириб беради. Эчкилардан олинадиган тивит нозиклиги, майинлиги, енгил ва пишиқлиги ҳамда чидамлилиги билан бошқа турдаги тивитлардан устун туради. Бундай тивит асосан ангор зот ва бошқа сержун эчкилардан олинади. Улар тивитининг узунлиги 9-12 см, айрим ҳолларда 20-25 см га етади. Улардан қимматбаҳо рўмол, трикотаж кийимлар, гилам ва ҳоказолар тайёрланади. Эчки терисидан камар, ҳар хил оёқ кийимлар тайёрланади. 1,5-3 ҳафталик эчки болаларининг мўйнасидан кийим бош тикиш мумкин.
Эчки сути ҳам севиб истеъмол қилинади. Сути таркибида 87,2 фоиз сув ва 12,8 фоиз қуруқ моддалар бўлади. Унинг таркибида фосфор ва кальций ҳам кўп бўлади.
Эчки сути айниқса ёш болалар ва ошқозон касалига чалинган кишилар учун шифобахш ичимлик ҳисобланади.
Эчки гўшти сифатига кўра қўй гўштига яқин туради, тўйимлилиги бўйича унга тенг келади. Гўштга боқилган эчкилар 20-28 кг гўшт ва 4-6 кг ёғ қилади. Ахта қилинган такаларнинг гўшт чиқиши 50-55 фоизга боради. Эчки шохидан турли безакли буюмлар, туёғидан елим тайёрланади.
Эчкилар асосий маҳсулотига кўра: серсут, сержун, сертивит ва дағал жунли қўш маҳсулдор бўлади.
Серсут эчки зотлари (горкий, магрел ва рус зоти) МДҲ давлатлари ва Ўзбекистонда кенг тарқалган. Улар бир лактасия давомида ёғлилиги 3,5-4 фоиз бўлган 450- 550 кг, айрим рекордчилари 1000 кг гача сут беради.
Дағал жунли сержун эчки такасининг тирик вазни 55-60 кг атрофида бўлади ва 2-2,5 кг жун беради. Урғочиларининг вазни 35-45 кг ва жун микдори 1-1,5 кг атрофида бўлади. Улар ташқи муҳит шароитига анча чидамли бўлади.
Сержун ва сертивит эчкилар кўплаб турли минтақаларда боқилади. Сержун эчкилар Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг Поп туманида боқилади.
Республикамизнинг Чуст туманида боқилаётган ангор зот сержун ва сертивит эчкилар. Бу минтақада асосан ангор зот эчкилар боқилиб, уларнинг такалари 56 кг вазнга эга, йилига узунлиги 32 см келадиган 6 кг жун берса, урғочилари 32 кг вазнли, у шу узунликдаги жуни 3 кг келади.
Эчкиларнинг серпуштлиги зотига кўра турлича бўлади. Умуман, ўртача ҳар 100 бош урғочи эчкидан 145-150 та улоқ олинади.
Ҳозирги вақтда эчкилар асосан меҳнаткашларнинг якка хўжаликларида, уларнинг шахсий эҳтиёжларини қондириш учун боқилади ва бу кўрсатгич қарийб 80%ни ташкил этади.
Республикамизнинг барча минтақа ва вилоятларида, айниқса тоғ, ҳамда тоғ яқинидаги хўжаликларда эчкичиликни ташкил этиш ва жадал усулда ривожлантириш катта халқ хўжалик аҳамиятига эга.
Манба: «Чорвачилик ва паррандачилик асослари» М.З.Муртозаев, А.А.Кушаков, Т.А.Алибоев
[print-me]