Токларни кесиш муддатлари, техникаси ва усуллари

Ток ўтқазилгандан кейинги дастлабки йилларда бир йиллик новдалар кесиб, муайян туп учун қабул қилинган шакл ҳосил қилинади. Cўнгра кейинги йилларда, бир йиллик новдаларни кесиб ташлаб ва қисқартириб, шунингдек кераксиз кўп йиллик шохларни кесиб ташлаб, бу шакл ток тупининг бутун ҳаёти давомида сақланади. Кесиш ток тупининг ер устки қисми билан унинг илдиз тизими ўртасида тўғри нисбат бўлишига эришилади. Кесишда ток тупида маълум миқдорда куртак қолдириб, ҳосил бериши ва ўсиш даражаси тартибга солинади.

Токни кесиш узумларни парвариш қилишни: кўмиш, боғлаш, ҳомток қилишни осонлаштиради. Шунингдек ҳосилдорликни камайтирмаган ҳолда уни ёшартириш имконини беради.

Токнинг ҳаётида ёшининг 3 та асосий: вегетатив масса тўпланиши, тўлиқ ҳосил бериши ва ҳаёт фаолиятининг аста-секин сўниш даври бор. Шу даврлага мувофиқ равишда ток кесишнинг вазифалари ҳам ўзгаради. Масалан, ёшлик даврида ток тупини ташкил қилиш учун кесилади. Ҳосил бериш даврида юқори ва сифатли ҳосил олиш учун кесилади ва табиий қариш даврида ёшартириш учун кесилади.

Ўзбекистон шароитида кўмиладиган токлар бир йиллик новдалари пишиб, кўмишдан олдин кузда кесилади. Кўмилмайдиган токлар эса эрта баҳорда шира харакати бошланишидан олдин кесилади. Турли навларнинг ҳосил бершидаги ҳусусиятларини, шунингдек жойнинг табиий шароитини ва агротехника даражасини ҳисобга олиб, новдалар калта, ўртача узун ва узун кесилади. Калта кесишда 2-4 тагача, ўртача кесишда 8-10 та, узун кесишда эса 15-20 тагача куртак қолдирилади.

Кесиш узунлигини белгилашда тупдаги куртакларнинг умумий сони, шунингдек токдан олинадиган ва мўлжалланган ҳосил ҳисобга олинади. Тупларнинг куртак юки деганда кесишда туп ва гектар ҳисобига қолдириладиган куртакларнинг умумий сони, новда юки деганда ортиқча яшил (хом) новдалар олиб ташлангандан кейин туп ва гектар ҳисобига қолдирилган новдаларнинг ўртача сони тушунилади. Кесиш вақтида куртаклар ва юлиб ташлашда мева берадиган новдалар қанча кўп қолдирилса узумдан шунча кўп ҳосил олишга катта имконият туғилади.

Токлар ўткир ток қайчиси (секатор) ва боғ арра ёрдамида кесилади.

Кесаётганда ток қайчининг пичоғи новданинг қолдирилаётган томонида туриши, чап қўл эса новданинг олиб ташланаётган қисмини ушлаб, бир оз занглар, қуруқ кундалар арралаб ташланади. Кесилган жой боғ пичоғи ёки ток қайчи билан тозаланади.

Кесиш қоидаси Ризамат Мусамухамедов тавсия қилган схема асосида бажарилади. Асосий зангни ўз вақтида алмаштириш учун тупнинг асосида ривожланаётган новдалар тайёрланади. Улар дастлаб бир-иккита куртак қолдириб кесилади. Келгуси йили энг кучли новдалар 10-12 та куртак қолдириб биринчи симгача кесилади. Улардан янги занг тўлиқ ҳосил бўлгандан кейин эски новда туп асосидан арралаб ташланади.

Токнинг яшил қисмлари билан олиб бориладиган ишлар токка бевосита таъсир кўрсатиш усули ҳисобланади. Бу ишлар баҳор-ёз вақтида, ҳаёт фаолияти жадаллашган даврда бажарилади ва тупнинг ўсиши, озиқланиши ҳамда ҳосил беришга, унинг айрим қисмларига озиқ моддаларнинг тақсимланишига ва бошқа физиологик ҳолатларга таъсир этиб, тартибга солади.

Манба: «Узумчилик», Т.Э.Остонақулов, С.Х.Нарзиева, Э.И.Ҳамдамова

[print-me]

Related posts

Узумчилик ва виночилик кластерлари ташкил этилади

Узум ҳосилини йиғиб олиш бўйича тавсиялар

Гилос дарахтларига шакл бериш бўйича тавсиялар