Сесарка жўжаларини ўстириш

Сесарка жўжаларини ўстириш технологияси товуқ жўжаларини боқишдан катта фарқ қилмайди. Инкубатордан чиққан бир суткалик сесарка жўжалари учун хона ҳарорати 29°C иссиқликда бўлиши керак. 10 кунлик бўлганида сўнг ҳарорат аста-секинлик билан пасайтириб борилади ва 20–25 кунлигида 22°C, 15 кунлигидан то 40–45 кунликкача 20–18°C, 45 дан 60 кунликкача 16–14°C иссиқ бўлишини таъминлаш лозим. Ҳавонинг намлиги эса 60–70% атрофида сақланиши керак. Бир кунлигидан бошлаб 10 кун давомида ҳар 2 соатда озиқлантириб турилади. Кейин озиқлантириш сони аста-секин камайтириб борилиб, жўжа бир ойлик бўлганда 3 мартага туширилади.

Сесарка жўжалари анча нимжон ва асраш шароитларига талабчан бўлади. Шу сабабли жўжа ўстиришга озиқнинг сифатига алоҳида эътибор бериш лозим.

Агар хўжаликда уйғунлаштирилган турда озиқлантириш қўлланилса, ҳар сарф озиқлантириш учун янги озиқ тайёрланиши керак. Бунинг устига бир марта қориб тайёрланган ем иккинчи марта тарқатишга қолдирилмайди. Чунки ем таркибида ачитқи бор. У қорилган емни тез ачитади. Натижада тана жисми учун зарарли кислоталар ҳосил бўлади. Витаминлар емирилади ва йўқола бошлайди, замбуруғлар пайдо бўла бошлайди. Бундай емни еган парранданинг ичи ўтади, касалликларга чалинади, нимжон бўлиб, ўсишдан тўхтайди.

Майда жўжалар асралиб турган катак ёки хона ичига сув новлари ўрнатилган бўлиши керак. Новчалардан доимий равишда тоза сув оқизиб қўйилган бўлиши лозим. Айни шароитни ташкил қилишнинг иложи бўлмаган ҳолда, сувни тоза қилиб ювилган чинни ёки сопол идишларга қуйиб қўйилади. Озиқ тарқатиб бериш учун эса товуқ жўжаларини озиқлантиришда қўлланиладиган охурчалардан фойдаланиш мумкин.

Сесарка жўжаларини ўстиришда зоотехника, ветеринария қоидаларининг барчасига риоя қилиниб, озиқ моддаларга бўлган талабларини тўла қондириб боқилса, улар соғлом ўсади ва 80–100% сақланиб қолади. Гўштга тошпириш учун мўлжалланган сесаркалар 60 кунлигидан бошлаб 15–20 кун давомида жадал боқилади, 75–80, узоғи билан 100 кунлик сесаркалар гўшт учун этилади. Гўштга сўйиш учун уларнинг ўртача тирик вазни 950–980 г дан кам бўлмаслиги керак. Бройлер сесаркаларга жўжалар учун тайёрланган омихта ем, кўк беда уни, ёзда эса майдаланган ҳўл беда, балиқ уни, гўшт қиймаси ёки хом балиқ, гўшт унлари, хамиртуруш ёки гидролиз ачитқиси, техникавий ёғ берилади. Техникавий ёғни инкубатсион тухум берувчи товуқ тўдаларини янгилаш мақсадида ўстирилаётган жўжаларга бериш учун белгиланган меъёр бўйича боқиш мумкин, талабини қондириб боқилганда бройлер сесаркалар 1 кг қўшимча вазн учун 5,7–7,4 озиқ бирлиги сарфлайди.

Манба: «Қишлоқ хўжалик чорва молларини озиқлантириш», Б.М.Тожибоев, И.Э.Ҳошимов

[print-me]

Related posts

Курка жўжаларини кўкатлар билан озиқлантириш бўйича маслаҳатлар

Қиш мавсумида паррандаларни уй шароитида парваришлаш

Қиш фаслида товуқ тухуми нега камаяди?