Курка жўжаларини кўкатлар билан озиқлантириш бўйича маслаҳатлар

Шахсий томорқада курка боқиш жуда фойдали ҳисобланади. Масалан, баҳорда 30 та курка жўжасини олиб боқсангиз, кузга келиб юқори сифатли бошқа уй парранда гўштидан мазалироқ бўлган 150-180 кг гача парҳез гўшт олишингиз мумкин. Куркалар товуқлардан фарқли ўлароқ озуқага талабчан ва баданига тез ёғ йиғиш хусусиятига эга. Уларни хилма-хил ва сифатли емлар билан озиқлантириш талаб этилади.

Куркаларга кўкатлар (беда, қичитқиўт, горох, карам барги, ғозпанжа, кунгабоқар, лавлаги барги, сабзи, турп, редиска, қоқиўт, исмалоқ) беришдан аввал улар майдалаб чопилади ёки гўштмайдалагичдан ўтказилади.

Кўк пиёз – жуда фойдали ўсимлик бўлиб, ичак инфекцион касалликлари қўзғатувчиларидан организмни ҳимоя қилиш хусусиятларига эга. Айниқса, уни биринчи кунлари бериш катта фойда беради. Кўк пиёз эрталаб ва кундузи берилади. Кечаси берилганда курка жўжалари безовталанади ва чанқоқлик бошланади.

Рационга 12-15 кундан бошлаб балиқ ёки гўшт-суяк уни, балиқ қиймаси гўшт чиқиндалари (ҳаммасининг ўрнини творог босиши мумкин) қўшиш мумкин. Рационга яна парлаб ёки қайнатиб пиширилган картошка ҳам қўшилади. Картошкани қайнатишдан олдин кўк ўсимталари кесиб ташланади. Чунки кўк ўсимталар таркибидаги соланин моддаси заҳарли ҳисобланади. Қайнатма сувини емга қўшиб берганда паррандани заҳарлаши мумкин.

Сабзини майдалаб курка жўжаларининг биринчи кунидан бошлаб бериш ва уни аста-секинлик билан 50-100 граммгача кўпайтириб бориш мумкин. Агар сабзи ва картошка йўқ бўлса, уларнинг ўрнига кўк ўтлар бериш тавсия этилади. Бундан ташқари, яна олма, нок қолдиқлари, сиқма қолдиқлари, озуқабоп лавлагиларни ҳам бериш мумкин.

Горох, дуккаклилар оиласига мансуб ўсимликлар донларини куркаларга беришдан олдин улар сувга ивитиб қўйилади. Ҳамда паст оловда энг кам миқдордаги сувда қайнатилади. 2-3 ҳафтадан бошлаб ёш куркаларнинг рационига сувда ивитиб нон хамиртуруши, кунжара ва шротлар бериш тавсия этилади. Нам ем қоришмалари ҳар куни 2-3 маҳал 30-40 дақиқа ичида еб тугатадиган миқдорда қилиб берилади. Ҳар бир ем берилгандан кейин емдонлар ачиб, моғорлаб қолмаслиги учун яхшилаб ювилади.

Манба: А.Х.Холматов, «Куркачилик» китоби (Агробанкдан 100 китоб тўплами)

[print-me]

Related posts

Қиш мавсумида паррандаларни уй шароитида парваришлаш

Қиш фаслида товуқ тухуми нега камаяди?

Куркаларни гўшт учун жадал усулда боқиш