Сесарка боқиш ва кўпайтириш

Парранда гўшти ишлаб чиқаришни ошириш манбаларидан бири сесарка (маржонтовуқ) боқиб, кўпайтиришни ривожлантиришдир. Бу товуқни боқиш учун ўзига хос алоҳида шарт-шароитлар талаб қилинмайди. Оддий товуқни асраш технологияси маржонтовуқ учун ҳам тўғри келаверади. Қиш ойларида хоналарни иситишнинг ҳам ҳожати йўқ. Хона ичидаги ҳаво ҳарорати 0°С дан юқори бўлса кифоя.

Сесарка асосан гўшти учун боқилади. Уни урчитиш учун аввал наслдор сесарка тўдалари вужудга келтирилиб, улардан инкубация қилинадиган тухум олинади. Наслдор маржонтовуқ яхши озиқлантирилганда бир йилда 82 дона тухум қилади. Тухумдан жўжа чиқиш сифат кўрсатгичи юқори. Уруғланган тухумдан 85,3-85% жўжа очади. Сесаркачиликда йилнинг ҳамма фаслида жўжа очиришни ташкил этиш мумкин. Бунинг учун инкубацион тухум олиш мўлжалланган 3-4 гуруҳ товуқлар ҳар хил фаслда очириб ўстирилган товуқ билан расалаш керак. Бунда ҳар бир тўдага мансуб наслдор товуқлар йилнинг маълум фаслида тухум қилади. Олинган тухум инкубаторларга жойланиб, жўжа очирилади. Очиб чиққан жўжалар соғлом, тетик бўлиши, яхши сақланиб қолиши ва жадал ўсиб ривожланиши тухум таркиби озиқ моддаларга бой бўлишига боғлиқ. Катта ёшдаги маржонтовуққа парранда учун тайёрланган омихта ем, буғдой, маккажўхори дони, барра беда уни, хамиртуруш, балиқ қиймаси ёки балиқ уни берилади. Емни қориш керак бўлган ҳолда сут ёки обрат, сут зардоби каби суюқ озиқлар ишлатилади.

Сесарка учун махсус ем тайёрлаш имкони бўлмаганда товуқларни боқиш учун тавсия қилинган рацион бўйича боқиш мумкин.

Бундан ташқари, уларнинг олдида ҳар вақт шаҳал ва майдаланган чиғаноқ бўлиши керак. У кўк ўсимликка жуда ўч. Шунинг учун ёз ойларида ўриб майдаланган барра беда ёки бошқа кўк ўсимликлар билан яхши таъминлаш лозим. Улар учун ферма яқинида кўк майсазорлар бўлиши тавсия этилади. Сесаркаларни вақти-вақти билан ўтлоққа чиқариб ўтлатилса юқори самарадорликка эришиш мумкин. Чунки бу хил парранда кўпроқ далада яйраб урчиш хусусиятига эга.

Сесаркачилик тармоғини ихтисослаштириш ва саноат асосида ишлашга ўтказиш шу соҳада олиб бориладиган технология жараёнларнинг ҳам ўзгаришини тақозо қилади. Бунда тухум олиш учун асраладиган маржонтовуқ тўдалари кенг ўлчамли хоналарда полга қўйиб асралади. Гўшт учун ўстирилаётган бройлер сесаркалар, шунингдек, жўжалар ҳам батарея катакларида асраш тизимига ўтказилади. Саноатлаштириш тизимига ўтиш билан уларни озиқлантириш технологияси ҳам ўзгаради. Хусусан қуруқ омихта ем бериб боқишга ўтилади. Ҳар иккала хил озиқлантиришда сесаркага ўсимлик озиқлар берилиши шарт. Қуруқ ҳолдаги озиқ билан озиқлантиришда беда уни, игнабаргли дарахтлар баргидан тайёрланган ун, оқсил ва витаминли премикслар берилиши лозим.

Манба: «Қишлоқ хўжалик чорва молларини озиқлантириш», Б.М.Тожибоев, И.Е.Хошимов

[print-me]

Related posts

Курка жўжаларини кўкатлар билан озиқлантириш бўйича маслаҳатлар

Қиш мавсумида паррандаларни уй шароитида парваришлаш

Қиш фаслида товуқ тухуми нега камаяди?