© Фото: «Халқ сўзи» газетаси
Фарғона вилоятида охирги 4-5 йил давомида балиқчиликни ривожлантиришга устувор вазифа сифатида эътибор берила бошланди. Айниқса, балиқ етиштиришда Вьетнам тажрибалари кундан-кунга оммалашиб бормоқда. Бунинг асосий сабаби шундаки, Вьетнамда балиқ етиштиришнинг асосий қисми садок (қафас) ларда интенсив усулда етиштирилади.
Интенсив усул — сувни қисқа муддатларда алмашинишига ва ортиқча исрофсиз ирригация тизимига қайтарилишига асосланган мосламаларда балиқ етиштириш — интенсив балиқ етиштириш усули деб аталади.
Бассейнларни ўлчамлари квадрат, узунчоқ ёки юмалоқ шаклда бўлиши ва балиқчилик хўжаликлари талабларидан келиб чиқиб унинг тарафлари 2х2 метр, 2,5х2,5 метр ва 5-10 метргача, чуқурлиги эса 0,5 -1,0-1,5 ни ташкил этиши мумкин. Балиқ етиштириш бассейнлари бетон, металл ва стеклопластикдан ишланиши мумкин.
Вилоятнинг охирги даврдаги балиқчилик соҳасидаги натижаларига назар ташлайдиган бўлсак, 2016 йилда балиқчилик бўйича 237 лойиҳа амалга оширилиб, 5200 тонна балиқ етиштирилди. 2016 йилда сув омборларида 82 та садок усулида балиқ етиштириш мосламалари ўрнатилган эди. 2017 йилда янгидан 2500 та садок ўрнатилиб, уларнинг сони 2582 тага этди. Балиқ чавоқларини етиштириб берувчи хўжалик ва корхоналар сони ҳам йилдан-йилга ўсмоқда.
Бундай корхоналар қаторида Қувасойдаги «Омад», Бағдоддаги «Шўртепа Ойдин кўли», Бувайдадаги «Ёқуб Али» фермер хўжаликлари, Фарғонадаги «Булоқ» АС ва Бешариқдаги «Саховатли уммон неъмати», «Балиқ» МЧЖларни тилга олиш мумкин.
Садок усулида балиқлар қандай парваришланади?
Садок мосламасини тайёрлаш вилоятнинг ўзида тайёрланмоқда. Садокларнинг ўлчами 6х6 (36м2) бўлади. Ҳар бир садокга 250 кг. сазан (карпсимон) балиқ чавоғи ўстириш учун ташланади.
1 кг. карпсимон (сазан) чавоғининг нархи «Бешариқбалиқ» корхонасида 12,0 минг сўм. 250 килограмм чавоқ учун 3 миллион сўм сарфланади. Бир дона садокдаги балиқларни парваришлаш учун 3 тонна эм маҳсулоти талаб этилади.
Садок усулининг афзалликлари нимада?
Садокда интенсив усулда балиқ етиштиришни афзаллик томонлари шундаки, ҳовуз сувини янгилаб туриш имконияти бўлган ҳар қандай шароитда ҳар бир оила ҳам ташкил этиши мумкин.
Қолаверса, қишлоқ ва уй шароитида балиқ боқишга имконияти бўлмаган оилалар оилавий тадбиркорлик асосида банклардан кредит олиши мумкин. Ўз имконияти даражасида садок усулида балиқ етиширишни Қўрғонтепа, Каркидон ва Марказий Фарғона сув омборларида алоҳида жойни эгаллаб, режалаштиришлари мумкин.
Фарғона вилоятидаги табиий сув ҳавзаларининг умумий майдони 4629 гектар, жумладан:
- Қўрғонтепа сув омбори сув майдони 176 гектар, сиғими 21 млн куб м.
- Каркидон сув омбори сув майдони 953 гектар, сиғими 211 млн куб м.
- Марказий Фарғона сув омбори сув майдони 3500 гектар, сиғими 350 млн куб м.
Дастлабки тажрибалар ўзининг натижаларини бермоқда.
Марказий Фарғона сув омборида «ДОЛИНА ЛИАНА» КТХФ корхонаси 40 дона садокда балиқ парваришлаш тажрибасини амалга оширди. Садокларнинг ўлчами 6х6 метрдан қилиб ясалди. Ҳар бир садокка 301 килограммдан, жами 40 та садокка 12040 килограмм зоғора (сазан) туридаги балиқ чавоқлари ташланган. Балиқларни парваришлаш учун ҳар бир садокка 4500 килограмм, 40 дона садок учун 180 тонна эм сарфланган.
Жами сарфланган маблағ 667,8 миллион сўмни ташкил этган. Яратилган иш ўрни 6 нафар. Етиштирилган балиқ миқдори 100 тонна. Сотилган маҳсулот 800 миллион сўм. Соф фойда 132,2 миллион сўмни ташкил этган.
Юқоридаги маълумотлардан кўринадики, вилоятда бу усулни имкониятлари ва истиқболи катта. Қолаверса, «Ипотека» банки томонидан ҳеч қандай тўсиқларсиз имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Айниқса, иш ўринларини яратилишида бу усулнинг аҳамияти беқиёс. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Ветнамда 4 та садок устида битта оила ўтирар экан. Демак, 4 та садок бутун оилани боқяпти. Фақатгина тан олиб айтиш керакки, Ветнамликлар бу ишга илмий асосда ёндашганлиги боисидан, бир садокда 3,5 тоннадан 4,5 тонна, айрим ҳолларда 5 тоннагача балиқ олишар экан. Бизда эса дастлабки натижалар 1 тоннадан ортиқроқ бўлмоқда, холос. Шу сабабдан ҳам раҳбарият таклифига биноан, садокда балиқ парваришини ўргатиш учун Ветнамдан бир гурух мутахассисларнинг келиши кутилмоқда.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, вилоятдаги балиқчилик соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг натижалари бугун бозорларимизда кўрина бошлади. Галдаги натижалар эса одамларимизнинг соғлиғида кўринади.
Манба: fergana.uz
[print-me]