Сабзи экиш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Сабзи кундалик ҳаётимизда энг кўп истеъмол қилинадиган сабзавотлардан бири. Сабзи ўз таркибида А витамини ва каротин моддасини кўп сақлайди. Ўзбекистоннинг барча вилоятларида, шу жумладан шахсий томорқа, деҳқон-фенмерлар ерларида етиштирилади. Сабзини хом ҳолда, пишириб ва қайта ишланган ҳолда истеъмол қилиш мумкин.

Деҳқонларимиз томонидан кўп етиштириладиган навлар: эртапишар Мушак, Нурли, ўртапишар Мирзои сариқ, Мирзои қизил, Нант, Шантанэ, Зийнатли, Фаровон.

Сабзи экиш учун танланган уруғ тоза, юқори унувчан, касалликлардан ҳоли, бутун (синмаган), вазндор бўлиши зарур. Сабзи экишдан олдин томорқа ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан обдон тозаланади. Тупроқ 20-25 см чуқурликда юмшатилади, йирик кесаклар майдаланиб, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари олинади.

Мамлакатимизнинг жанубий вилоятларида баҳорги сабзи уруғи 15-28 февралда, ёзгиси 1-15 августда сепилади. Марказий минтақада жойлашган ва водий вилоятларида баҳорги сабзи 1-15 март, ёзгиси 10 июньдан – 10 июльгача экилади.

Уруғ сарфи 10 сотихга 500-600 грамни ташкил этади. Сепилгандан уруғлар хаскаш билан тупроққа аралаштирилади.

Сабзи уруғлари ерга юза ташланади ёки 1,5-2 см чуқурликка кўмилади. Уруғ юза ташлангани учун ҳам уни албатта ивитиб экиш лозим. Сабзи уруғи қаттиқ, униб чиқиш учун намни кўп талаб қилади. Экиш билан бирга ёки экишдан сўнг гербитсидлар қўлланилади, сабзи майсалари ўсиш даврининг бошида суст ривожлангани учун бегона ўтлар босиб кетади. Бу вақтда далани бороналаш ҳам яхши натижа беради. Сабзи уруғлари сийракроқ экилиши лозим, зич экилса улар кам ҳосил беради. Бир гектар майдонда 350-400 минг туп илдизмева ҳосил бўлиши керак.

Сабзи майсалари 6-7 та барг ҳосил қилганда унга азот ўғити берилиб культивация қилинади. Ўсиш жараёнида албатта 2 марта озиқлантирилади ва бир неча марта суғорилади. Суғориш меъёри 800-1000 м3 миқдорда берилади. Ҳосилни йиғиштириб олишдан 1 ой олдин уни суғориш тўхтатилади. Ҳосилдорлик сабзида юқори агротехника билан ўстирилганда 550-600 центнер бўлиши мумкин. Сабзи илдизмеваларини картошка кавлагич машиналари билан кавлаб олиш мумкин.

Сабзавот уруғлари 2-3°C да уна бошлайди, аммо жуда суст ривожланади, уруғнинг тез униб чиқиши 3-5 кунда кузатилади. Сабзи биологик хусусиятига кўра совуққа чидамли ўсимлик, эрта баҳорда майсалари 5-6°C даража паст ҳароратга чидайди, ўсиш даврининг охирида ҳам 10-14°C гача паст ҳароратда яхши сақлайди.

Сабзи намга жуда талабчан сабзавот ҳисобланади. Аммо у қурғоқчиликка ҳам чидамлидир, лекин тупроқда нам кам бўлса илдизмева қуруқ таъмсиз ёғочсимон бўлиб ёрилиб кетади. Эти сувли бўлмайди, ҳосилни ҳам кам беради. Шунинг учун сабзи тез-тез суғорилиб турилади. Ўсиш даврининг бошида энди майсалари ҳосил бўлаётганда ва илдизмевалари тўлишаётган пайтда намлик жуда зарур.

Сабзавот эрта баҳорда экилиб, ёзнинг узун кун тафтида пишиб етилади.

Шунингдек, уни такрорий экин сифатида экиб октябр ойларида йиғиштириб олиш ҳам мумкин. Навларига қараб ўсиш даври 120-160 кунга чўзилади.

Бу ўсимлик енгил қумоқ тупроқларда яхши ўсиб ривожланади. Агар сабзи зич тупроқда экилса илдизмеваси нотекис, кичик бўлиб қолади, чунки сабзи илдизмеваси асосан ер остида етилгани учун тупроқ юмшоқ, қумоқ, енгил ва нам билан таъминланган бўлиши лозим. Минерал ўғитларга талабчан, ўсиш даврининг бошида азотли, кейинчалик фосфор, калий ва кальцийни кўп ўзлаштиради.

Манбалар: mygarden.uz, agro.uz

[print-me]

Related posts

Ғалла ҳосилини йиғиб олишда нобудгарчиликни олдини олиш бўйича тавсиялар

Қовун зараркунандалари ва уларга қарши курашиш

Салат барги етиштириш бўйича тавсиялар