Гулкарамнинг уруғи 5-6°C ҳароратда униб чиқа бошлайди, бироқ унинг униб чиқиши учун энг мақбул ҳарорат 18-20°C ҳисобланади. Гулкарам -2-5°C cовуққа бардош бера олади. Гулкарам унумдор тупроққа ва ўғитларга талабчан экин тури. Ўсиш пайтида ўнга албатта азот, фосфор ва калий бериш зарур. У намликка ҳам анча талабчан, нам етишмаслиги муддатидан олдин чала ривожланган бошчаларнинг тугилишига сабабчи бўлади.
Гулкарамлар эрта баҳорда ва ёзда етиштирилади. Эртанги экин ҳосили май-июнда, кечкиси октябр ва ноябр ойларида йиғиштириб олинади. Баҳорда экиладиган гулкарамнинг бош тугиши қаттиқ иссиқ бошланадиган пайтга тўғри келиб қолмаслиги учун у иложи борича эрта — февралнинг охири, мартнинг бошларида экилади.
Ўзбекистонда гулкарамнинг эрта экиладиган навларидан “Отечественная” нави ва Гудман Ф1, Фарго Ф1 дурагайлари маҳаллийлаштирилган. Оқбошли карамлар сингари гулкарам ҳам ўтмишдош экинлар ўрнига экилади.
Гулкарам ўғитларга, айниқса органик ўғитларга мойлидир. Гулкарам ривожланишнинг дастлабки босқичларида азот озиқаси, бош туга бошлангандан кейин эса азот-фосфорли ўғитлар солинади. Озиқлантириш кўчат экилгандан кейин 1-2 ҳафта ўтиб бошланади. Ўсимликни парваришлаш, суғориш қатор ораларини культивация қилиш ҳамда чопиқдан иборат. Баҳорги гул карам сизот сувлар, чуқур жойлашган ерларда 7-8 мартача, кечки экинда эса суғориш 8-10 мартага етказилади. Суғориш ўсув даврида ҳар 8-10 кунда ўтказилади.
Гулкарам етиштиришда бажарилиши шарт бўлган тадбирлардан бири унинг бошини қуёш нуридан пана қилишдир. Акс ҳолда қуёш нурида куйиб қолади. Тўсилмаган карам бошлари рангини, истеъмол сифатини ҳамда мазасини йўқотади, муддатидан олдин тўкилиб кетади.
Гулкарамларнинг ҳосили танлаб узилади, зеро унинг бош тугиши бир текис кечмайди. Гулкарам ёзда экилганда унинг бир қисми бош тугишга улгурмай қолади. Диаметри 4-5 см карамлар боши кузда, совуқ тушиши арафасида барги ва илдизи билан бирга қазиб олинади ҳамда гўнгдан тозаланган парник ёки плёнка билан ёпилган иссиқхоналарга ўтказилади. Кўчат тик холатда экилиб, биринчи баргигача тупроқ билан кўмилади. 1 м ерга бошининг йириклигига қараб сараланган 30-40 ўсимлик ўтказилади. Иссиқхоналар иситилади. Қўшимча ўстириш пайтидаги мақбул ҳарорат +2+4°C. Бундай ҳароратда карам меъёрида, тиғиз бош тугади. Қўшимча ўстириш муддати карам бошининг ўлчами, ҳарорат шароитига қараб 1,5-3 ой давом этади. Ана шу муддат ичида карам боши ўлчами 3-4 баробар катталашиб, январда 250-300 г ни ташкил қилади.
Манба: «Сабзавотчилик ва полизчилик» ўқув қўлланма, О. Қодирхўжаэв, М.М.Адилов, У.И.Акрамов
[print-me]