Қуёнларни сақлаш учун катаклардан фойдаланиш

Хўжаликларда қуёнлар очиқ ва ёпиқ жойдаги катакларда боқилади. Очиқ жойга ўрнатилган катакларда қуёнларни тоза ҳаво билан таъминланиши яхши бўлади. Тоза ҳаво қуёнлар организмини чиниқтиради, бақувват ва соғлом ўсади. Шунинг билан бирга қуёнларнинг юнглари қалин ва сифатли бўлади.

Қуёнларнинг катаклари 2 бўлимдан иборат бўлади: олдидаги эшиги тўрли бўлганлиги учун ёруғ, иккинчи бўлимни эшиги ёғочдан ясалганлиги туфайли қоронғи бўлади. Қоронғи бўлимда улар ин қуриб болалайди. Ёруғ бўлимда эса озиқланади ва ўз ҳаётининг кўп қисмини ўтказади.

Қуёнлар махсус қурилган, механизасиялашган ёпиқ биноларда ҳам боқилади. Бунда қуёнларни суғориш, гўнгларини олиб чиқиш, озиқларини тайёрлаш ва уни тарқатиш, ҳавонинг ҳарорати ва намлигини бир хилда ушлаб туриш механизасия ёрдамида бажарилади.

Ёпиқ туридаги катаклар темир тўрдан ясалиб қават-қават қилиб ўрнатилади. Қаторлар орасида юриш ва озиқлантириш учун йўл қолдирилади.

Ҳар бир катакнинг олдинги қисмига автосуғоргич ва авто-озиқлантиргич ўрнатилади. Қуёнларнинг болалаш ва болаларини эмизиш даврида катаклар ичига фанердан қилинган уя яшиклар ўрнатилади. Икки қатор қўйилган катаклар тагига махсус ариқча қилиб, унга шағал ва қум тўлдирилади. Бунга қуёнларнинг сийдиги шимилади ва ахлати тушади. Ахлатлари вақт-вақти билан тозалаб турилади.

Қуёнларни кўпайтириш ва парвариш қилишда қуён катакларидаги озиқлантиргичлар ва сувдонларни тоза ҳолда сақлаш, уларни қайнаган сув билан буғлаш ёки дезинфекция қилувчи суюқлик билан ишлаш талаб этилади. Касаллик тарқатувчи манба сифатида қуён ахлати хизмат қилиши мумкин. Шунинг учун қуён ахлатларини ҳар куни тозалаш, қуёнхонадан олиб чиқиб гўнгхоналарга тўплаб, устини тупроқ билан кўмиш лозим. Қуён елвизак шамолга ва намликнинг кўпайиб кетишига бардош бера олмайди. Шунинг учун уларни елвизак шамолдан сақлаш, намланиб кетган тўшамаларини тозалаш ва унинг ўрнига қуруқ ва тоза тўшама солиш лозим. Қуён катакларидаги ахлатдан кўпинча зарарли газ тарқалади. Шунинг учун қуёнхонани тез-тез шамоллатиш ва ҳаво алмаштиргич ўрнатиш талаб этилади. Ёпиқ турдаги қуёнхоналар электр қуввати ёрдамида 14-16 соат ёруғлик билан таъминланади.

Манба: «Чорвачилик ва паррандачилик асослари» М.З.Муртозаев, А.А.Кушаков, Т.А.Алибоев

[print-me]

Related posts

Чорва молларини ташиш қоидалари

Қутуриш касаллиги хавфи ва профилактикаси

Қуёнларни бўрдоқига боқиш бўйича тавсиялар