Қулупнай – ширин ва фойдали мева бўлиб, уни кўпчилик инсонлар яхши кўради. Шу сабаб бўлса керак, баҳорда меванинг ўзи истеъмол қилинса, қиш учун ундан мураббо ва шарбатлар тайёрлаб қўйилади.
Қулупнай ичакларни тозалашда, жигар ва буйракнинг яхши ишлашига, қабзият ва анемияга қарши курашишда, буқоқнинг олдини олишда қўл келадиган фойдали мевадир. Аммо қулупнай меваси таркибида кислота борлиги сабаб ошқозон-ичак йўлларида касаллиги бор кишилар ва 7 ёшдан кичик болаларга бериш тавсия этилмайди.
Ҳозирги кунда юртимиз бозорларида қулупнайларнинг бир неча турлари сотилмоқда. Лекин улар орасида энг мазалисини танлаш учун бир неча белгиларга эътибор бериш зарурдир:
- Мазали ва соғлом мева ранги ёрқин қизил, банди эса ям-яшил бўлади;
- Янги қулупнай қуёшда ялтирайди, сариқ ёки яшил доғлари борларини эса харид қилмаган маъқул;
- Мевадаги жигарранг доғ қулупнайнинг чираётганидан дарак беради;
- Қулупнай танлашда уни ҳидлаб кўриш керак, сифатли қулупнайдан ҳушбўй ҳид уфуриб туради;
- Тўқ қизил қулупнай пишиб ўтиб кетган бўлади ёки нитратда пишган бўлади ва ейиш тавсия этилмайди;
- Агар меванинг банди сўлиб қолган бўлса, бундай қулупнай аллақачон узилган бўлади.
- Қулупнай устидаги уруғлари чуқур кирган бўлса, мева мазали ва етилган ҳисобланади. Аксинча ичкарига ботмай юзада турса, демак, қулупнай пишишини кутиб ўтирмай, узиб олишган бўлади.
Қулупнайлар ҳатто музлатгичда ҳам узоқ сақланиб турмайди. Агар қулупнай нитратлар ёрдамида етиштирилган бўлса, унда у музлатгич ичида соғлиқ учун жуда зарарли маҳсулотга айланади.
Қулупнай меваларини йиғиб олгандан кейин 1-2 кун ичида ейиш керак. Бирданига кўп сотиб олиш ҳам бўлмайди, энг яхшиси уни истеъмол қилганингизча сотиб олинг.
Манба: darakchi.uz
[print-me]