Ловия – дуккаклилар оиласига мансуб кўп йиллик дон экини. Илдизи ўқ илдиз, яхши ривожланади, тупроққа 1,5-2 м чуқурликкача кириб боради. Илдизида туганаклар ривожланади. Пояси ўтсимон шохланади, айрим турлари чирмашиб, 3-4 м. гача етади. Меваси дуккак, ранги оч пушти ёки тўқ жигарранг, қора. Дуккагида 6-12 та уруғ бўлади. Уруғи буйраксимон, ранги оқ, сариқ, пушти.
Ловия иссиқсевар ўсимлик, уруғи 8-10°С да униб чиқади. Майсаси 0,5-1°С совуқда нобуд бўлади. Ловия намсевар, унумдор тупроқ шароитларига талабчан. Ўсув даври 75-120 кунни ташкил этади. Ёрмаси оқсилга бой, юқори калорияга эга. Дони таркибида 20-31% оқсил, 0,7-3,6% мой, 50% крахмал, 2,3-7,1% клетчатка мавжуд. Пояси чорва моллари учун яхши озуқа ҳисобланади. Ҳосилдорлиги 25-40 ц/га тенг бўлади.
Экиш учун маҳаллий навлар тавсия этилади.
Уруғлик экиш учун бир хил ўлчамли, тўла етилган, шикастланмаган уруғлар танланади.Ловия кузги дон экинларидан ва чопиқ қилинадиган экинлардан кейин экилади. Бир экилган жойга 2-3 йилдан кейин қайта экилади. Дала ўтмишдош экинларнинг қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозаланиб, ер 25-27 см чуқурликда юмшатилади ва текисланади.
Ловия зараркунандалари: ловия ва нўхат донхўрлари; касалликлардан энг кўп зарарлайдигани антракноз ва бактериоз.
Ловия уруғи июнь–июль ойларида қатор ораси 60-70 см қилиб экилади. Экиш чуқурлиги 4-6 см ташкил қилади. 10 сотих майдонга 6-8 кг уруғ сарфланади. Ловия ягана қилинмайди. Суғориладиган шароитда шоналашгача 1-2 марта, шоналаш-гуллаш даврида 2 марта суғорилади.
Ўтмишдош экинга гўнг солинади. Талаб қилинса 10 сотих майдонга соф мода ҳисобида 3-5 кг азот, 2-3 кг фосфор, 3-3,5 кг калий сепилади. Фосфор ва калий ерни тайёрлаш вақтида солинади. Азотли ўғит амал даврида сепилади.
Дон олиш учун дуккакнинг 70-75 фоизи етилганда ҳосил йиғилади. Пояси чорва моллари учун озуқа бўлади.
Манба: mehnat.uz
[print-me]