Қўйчиликда подани қайта тиклаш совлиқлардан кўпроқ қўзи олиб уларни сақлаб қолиш эвазига таъминланади.
Қўзиларда жинсий балоғат 5-8 ойлигида рўй беради. Лекин бу даврда уларни қочириш мумкин эмас, чунки улар ҳали жисмонан тайёр эмас. Урғочи қўйлар асосан мамлакатимиз шароитида 1,5 ёшда ёки совлиқлар вазнининг 70% ига эришган пайтда дастлаб қочирилади, ёки шу вақтда улар жисмоний балоғатга етади.
Жинсий куюкиш қўйларда 20-24 соат (баъзан 3 кунгача) давом этиб, ташқи жинсий аъзолар шишиб қизаради. Биринчи куни тиниқ, иккинчи куни эса хира ва оқ шилимшиқ оқади.
Қўйларни қочиришнинг энг қулай фурсати куз мавсуми ҳисобланади. Чунки бу даврда қўйлар яхши семизликка эга бўлиб жинсий жараёни жўш урган бўлади.
Қочириш муддати эса қўзилатиш мавсумига асосан амалга оширилади. Думбали қўйчиликда суғориладиган ҳудудларда қўзилатиш қиш – эрта баҳорда ўтказилишини инобатга олиб қочиришни август, сентябр ойида ўтказилса, қоракўлчилик хўжаликларида саҳро ва дашт шароитида кўк ўтлар пайдо бўлишини инобатга олиб, март-апрел ойларида қўзилатишни ўтказиш мақсадида совлиқлар октябр-ноябрь ойларида қочирилади.
Зоотехника ва ташкилий томондан қўзилатиш мавсуми 1 ойдан ошмаслигини инобатга олиб қочириш мавсуми ҳам тиғиз 2 куюкиш даврида ташкил қилинади. Қўйларни қочириш мавсумидан олдин йилнинг келишига қараб совлиқлар қўзилардан ажратилади. Ориқ совлиқлар қўшимча озиқлантирилиб, мавсум бошида ҳамма совлиқларнинг хўжалик семизлиги таъминланади.
Мавсум олдидан совлиқларни сифатли озиқалар билан таъминлаш уларнинг жинсий фаолиятига ижобий таъсир этиб, сифатли ва аксарият кўп тухум ҳужайраси ажраб чиқишига сабаб бўлади. Оталаниш юқори бўлиб, ҳомила меъёрда ривожланади.
Манба: И.Мақсудов, Ж.Жўраев, Ш.Амиров, «Чорвачилик асослари»
[print-me]