Ўғитлар асосан 3 гуруҳга: органик, минерал ва микробиологик ўғитлар гуруҳига бўлинади. Энг кўп тарқалган органик ўғитлар жумласига гўнг, компост – чиринди ва кўкат ўғитлар киради.
Гўнг. Чала чириган гўнгда ўсимликка озуқа бўладиган азот – 0,5%, фосфор – 0,25% ва калий – 0,6% бўлади. Гўнг далага ерни ҳайдаш олдидан ташилади ва ерга бир текисда сочилгандан кейин тезда чуқур ҳайдалиб кўмилади.
Компост. Бу ўғит – картошка, помидор пояси, ҳар хил ўт, хазон, рўзғордан чиқадиган сипринди, ювинди каби ташландиқлардан ясалади. Мана шу ташландиқ нарсалар тупроқ ёки торф билан аралаштирилиб зич уюмларда сақланади. Бу уюм қуриб қолмаслиги учун вақти-вақти билан унга сув, яхшиси лойқа сепиб турилади. Бу уюмдаги нарсалар чириб бир хил моддага – компостга айланганда эрга солиш учун тайёр бўлади. Уюмга солинган нарсаларга ва сақлаш шароитига қараб компостнинг тайёр бўлиши учун ярим йилдан икки йилгача вақт сарф бўлади.
Кўкат ўғит. Махсус экин экиб, бунинг кўкати яхши ўсганда уни тупроққа аралаштириш усули кўкат ўғитлаш дейилади. Бу хилда ўғитлашда ҳам ерда ўсимлик учун зарур бўлган озиқ моддалар кўпаяди.
Кўкат ўғит тариқасида экиладиган экинлар ичида яхшиси дуккакли ўсимликлардир. Чунки бу ўсимликларнинг илдизида тупроқдаги азот миқдорини кўпайтирадиган бактериялар бўлади. Кўкат ўғитлаш органик моддаси кам, унумсиз тупроқларда яхши натижа беради.
Минерал ўғитлар. Бу ўғитлар оддий ва мураккаб ўғитларга бўлинади. Оддий ўғитлардан асосан қуйидагилар ишлатилади:
- Азотли ўғитлар: натрий селитраси, бунда азот 16%, аммоний сулфат, бунда азот 20-21%; аммиакли селитра, бунда азот 24-35%; аммоний хлорид, бунда азот 24-25% бўлади.
- Фосфорли ўғитлар: оддий суперфосфат, бунда фосфор 15-16%; қўшалоқ (двойной) суперфосфат, бунда фосфор 40% ва кўпроқ; претсипитат, бунда фосфор 30-38% бўлади.
- Калийли ўғитлар: силвинит, бунда калий 15%; калий тузи, бунда калий 30-40% бўлади.
Мураккаб минерал ўғитда азот ҳам, фосфор ҳам, калий ҳам бўлади; ёки булардан фақат иккитаси бўлади. Мураккаб ўғитларга қуйидагилар киради:
- Аммиаклаштирилган суперфосфат. Бу анча яхши ўғит, лекин азоти камроқ бўлади; шунинг учун буни ишлатганда қўшимча азотли ўғит ҳам солиш керак.
- Аммиакли суперфосфат. Бу суперфосфат билан аммоний сулфат ўғити аралаштириб тайёрланади.
Органик ўғитлар кузги шудгорлаш ёки ерта кўкламги чуқур ҳайдаш олдидан ерга солинади.
Азотли минерал ўғитлар 2 муддатда: биринчиси апрел охирида – май бошида, иккинчиси – июн охирида солинади. Фосфорли ўғит бир марта, биринчиси азотли ўғит билан бирга солинади. Уруғ экиладиган майдонга ўғит эгат ичига 10-15 см чуқурликда солиниши керак.
Бир ёшли кўчатзорларга ўғит юқорида кўрсатилган икки муддатда, икки ёшли кўчатзорга бир марта – март ойида солинади. Буларда ҳам ўғит қатор орасидаги эгат ичига, 10-15 см чуқурликка солинади. Ўғит солингандан кейин кўчатзор суғорилади. Минерал ўғитлардан соф азот ҳар гектарига 120-180 кг, соф фосфор 60-80 кг ҳисобидан ерга солинади.
Манба: «Қўчатчилик ва гулчилик ишлари», Я.Х.Йулдашев
[print-me]