Унумдор тупроқ қандай бўлади?

Тупроқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг энг асосий воситаси ҳисобланади. Тупроқнинг таркиби, тузилиши ва хоссаларини билмасдан туриб, ундан самарали фойдаланиб бўлмайди. Тупроқ ҳақида маълумотга эга бўлибгина унинг унумдорлигини янада ошириш мумкин бўлади.

Тупроқнинг ранги тупроқ ҳосил қилувчи она жинснинг дастлабки ранги ҳамда тупроқ ҳосил бўлиш жараёнига боғлиқ бўлади. Шунинг учун ҳам республикамизнинг турли ҳудудларида тупроқ ранги турлича. Масалан: бўз тупроқ, қора тупроқ, қизил тупроқ ва бошқалар.

Тупроқнинг ранги қанчалик қора бўлса унинг таркибида органик моддалар ва чиринди миқдори шунча кўп миқдорда бўлади.

Шу сабабдан тупроқнинг ҳайдаладиган ва ишлов бериладиган қисми қуйи қисмига қараганда тўқроқ рангда бўлади. Шунинг учун тупроқнинг рангига қараб ҳам унинг ҳосилдорлигини ўрганиш ва ошириш мумкин.

Агар тупроқдаги чиринди миқдори 10% ёки ундан юқори бўлса, тупроқнинг ранги тим қора тусда, 8-10% миқдорда бўлганда эса қорамтир ёки тўқ жигарранг тусда бўлади. Чиринди миқдорининг камайиб кетиши оқибатида тупроқнинг ранги тўқ кулранг, кулганг, оч кулранг тусга ўтиб, жуда камайиб кетганда оқиш рангга эга бўлади. Тупроқ унумдорлиги унга тўғри ишлов берилганда ортиб бориб, аксинча нотўғри ишлов бериш оқибатида камайиб кетади.

Намлик даражасига кўра тупроқ қатлами хўл, зах, нам, намхуш ёки қуруқ бўлади. Тупроқ қатлами орасида сув томчилари сизиб турса хўл тупроқ ҳисобланади. Тупроқни қўлга олиб сиқилганда ундан сув томса зах тупроқ дейилади. Сиқилганда сув томмаса нам тупроқ, тупроқ зарралари тўзимасдан бир-бирига ёпишиб турса, намхуш тупроқ дейилади. Сиқилганда бирлашмаганда эса, қуруқ тупроқ дейилади.

Манба: “Деҳқончилик, тупроқшунослик ва агрокимё асослари”. С. А. Азимбоев

Related posts

Ғалла ҳосилини йиғиб олишда нобудгарчиликни олдини олиш бўйича тавсиялар

Қовун зараркунандалари ва уларга қарши курашиш

Салат барги етиштириш бўйича тавсиялар