Кўпчилик қизил лавлагини хуш кўрмайди. Лекин мутаҳассислар уни овқатланиш рационига қўшишни тавсия этишади. Чунки қизил лавлагида инсон танаси учун ниҳоятда фойдали витаминлар бор.
Қизил лавлаги – энг кам калорияли, парҳезбоп сабзавот маҳсулоти. Парҳез тутаётган кишилар учун лавлаги мазали, ширин ва очликни бартараф этувчидир. Лавлаги танани ёғ босишидан ҳимоя қилади.
Лавлаги таркибида темир, натрий, магний, кальций, фосфор ва A, B ва S гуруҳларига кирувчи витаминлар мавжуд. Қизил лавлаги ҳомиладор аёллар учун фойдали маҳсулот. Таркибидаги фоли кислотаси ҳомилани ҳар хил касаллик ва иллатлар ривожланишидан, бола муддатидан олдин (чала) туғилишидан ҳимоялаб туради.
Қизил лавлаги магний ва темир моддаларига бой бўлганидан инсонни камқонлилик касаллигидан сақлайди.
Шунингдек лавлаги инсон танасидаги чарчоқ ва ҳорғинликни қолдирувчи кучли восита ҳисобланади. У кайфиятни кўтаради, чарчоқни тарқатади ва танага қувват бағишлайди. Мутаҳассислар уни жисмоний ва ақлий толиқиш даврида истеъмол қилишни тавсия этишади.
Лавлаги танадаги ёғларни эритиш хусусиятига эга бўлиб, зарарли токсин моддаларини жигардан чиқариб юборади. Яна лавлаги умумий қувват тикловчи, меъда-ичак тизими фаолиятига ижобий таъсир этувчи, ҳамда моддалар алмашинувини яхшилаб, камқувват кишилар саломатлигини тикловчи сабзавот ҳисобланади. Қизил лавлагидан салатлар тайёрлаб истеъмол қилиш, турли овқатларга солиб тановул қилиш хавфли ўсмаларнинг олдини олади. Анемия (камқонлик)га чалинган беморлар ва лейкемия (оққон) билан хасталанганлар учун жуда фойдали озуқа. Сабаби организмда гемоглобин ишлаб чиқарилишини кучайтиради.
Шунингдек, лавлаги ёшартирувчи хусусиятга ҳам эга. Чунки, унинг таркибидаги фолий кислотаси одам вужудида янги ҳужайралар пайдо бўлишига замин яратади. Аммо меъдаси заиф ва унинг ширасида нордонлик юқори (зардаси қайнайдиган) бўлган беморлар бу илдизмевани емаганлари маъқул. Ортиқча вазндан азоб чекадиган хасталар учун ҳам лавлагини истеъмол қилиш жуда фойдали. Лавлаги нафақат қонни, балки буйраклар ва жигарни ҳам тозалайди. Бу сабзавот организмдан заҳар (токсин) ларни чиқариб ташлайди. Шу сабабли мия тиниқ ишлайди. Вужудни қабзиятдан холи этиб, хилтларни эритганлиги учун кайфиятингиз кўтарилиб, руҳингиз тетиклашади.
Таркибида Б витамини кўплиги сабабли лавлаги қон томирлар деворини мустаҳкамлайди. Шунингдек, бу илдизмева қонни тозалаб, томирларни кенгайтиргани учун гипертония (хафақон), атеросклероз ва бошқа юрак-қон томир касалликларида тавсия этилади.
Манба: avitsenna.uz
[print-me]