Қирғовул боқиш ва кўпайтириш сирлари

Қирғовул (тустовуқ) — анча машхур ва кўпчиликнинг ҳаёлида ов билан боғлиқ ҳодисаларни ёдга солувчи қушдир. Қирғовул гўшти ўзининг пархезлик хусусиятлари туфайли кўпчиликнинг меҳрини қозонган. Азалдан қирғовул гўшти шохлар дастурхонидан ўрин олиб келганлиги ҳам бу қушлардан тотли таомлар тайёрланишини изоҳлайди.

Қирғовулларни гўштликка боқиш учун уларни гуруҳлаб, озуқа сифатида паррандалар учун мўлжалланган оддий комбикормлар бериб боқилади. Кўпайиш мавсуми бошланганда бир эркакка 2-3 урғочи қилиб оилаларга бўлиб чиқилади. Айрим ҳолларда бир эркак қирғовулга 4-7 урғочи ҳам қўйилади. Лекин тажриба шуни кўрсатадики, оилада урғочилар сони ошгани сайин уларнинг тухум бериши ва жўжа очиши сустлаша бошлайди.

Қирғовулнинг уй шароитида парваришлаш учун энг мақул зоти – ов қирғовулидир.

Бу турдаги паррандаларни парваришлаш учун 2 асосий шароит талаб этилади:

  • Майдон – ҳар бир қирғовул учун энг камида 2 кв.м майдон талаб этилади. Қирғовуллар гуруҳ қилиб сақланганда майдон ҳажми камида 5 кв.м ни ташкил этиши керак.
  • Махсус катаклар – қирғовуллар бошқа турдаги паррандалардан фарқли равишда махсус жиҳозланган катакларда боқишни талаб этади. Қирғовул қафасларини иссиқ қилиб қуриш шарт эмас, чунки улар совуқ ҳавода қийналмай яшай олишади.

Ўрта ҳисобда бир урғочи қирғовул кўпайиш мавсуми давомида (март ойидан июльгача) 50 тагача тухум беради. Бу кўрсатгич парранда зоти ва гуруҳнинг эркак-урғочи мутаносиблигига караб 100 та ҳам етиши мумкин. Урғочи қирғовулларни “ёмон оналар” деб аташ мумкин, чунки улар тухумларни яхши босиб ўтиришолмайди. Бостирилган 50 та тухумдан атиги 10-15 та жўжа очиб чиқиши мумкин. Шунинг учун паррандачилик фермаларида қирғовул тухумларини инкубаторда очиришади ёки бошқа “меҳрлироқ” курка ёки товуқларга бостириш учун қўйилади.

Қирғовул жўжаларини гўштликка боқишда шуни инобатга олиш керакки, тез ўсувчи жўжалар рационида протеин миқдори юқори бўлиши талаб этилади. Жўжаларни 2 ойлик бўлгунча уларга кўрка жўжалари учун мўлжалланган комбикормлар (протеин кўрсатгичи — 28) ёки бройлер жўжалар озуқалари (протеин кўрсатгичи — 24) берилиши керак.

Қирғовулларни қуйидаги озуқалар билан боқиш мумкин:
  • маккажўхори – бериладиган озуқа миқдорининг 50% гача қўшиш мумкин;
  • буғдой – бериладиган озуқанинг 50% ташкил этиши мумкин;
  • арпа – озуқа миқдорининг 40% дан ошмаслиги керак;
  • сули – фақат вояга етган қушларга бериш тавсия этилади;
  • тариқ – жўжалар ва вояга етган қушлар озуқасида албатта бўлиши керак (20% гача);
  • яшил ўсимликлар – беда, йўнғичка, нўхат ва бошқалар;

Қирғовул гўшти таннархи ўрдак гўшти етиштирганга тенг бўлади. Гўштликка боқилганда қирғовулнинг мақбул вазни 4 ойлик бўлганда – 1-1,5 кг га етади, боқиш учун 4-5 кг озуқа сарфланади.

Манба: pilotbiz.ru

[print-me]

Related posts

Курка жўжаларини кўкатлар билан озиқлантириш бўйича маслаҳатлар

Қиш мавсумида паррандаларни уй шароитида парваришлаш

Қиш фаслида товуқ тухуми нега камаяди?