Эртанги картошка етиштириш бўйича тавсиялар

Картошка энг муҳим озиқ-овқат экинидир. У крахмал, углевод, оқсил, С витамини, минерал тузлар ва бошқа моддаларга бойлиги билан ажралиб туради. Халқ истеъмолида картошкадан йил давомида фойдаланилади. Мамлакатимиз тупроқ-иқлим шароитида картошкани эрта баҳорда экиб, халқимиз эҳтиёжини тўла қондириш имконияти бор.

Картошкани экиш муддатлари минтақларнинг иқлим шароитига қараб белгиланади:
  • Тошкент, Самарқанд вилоятлари ва Фарғона водийсида 25 феврал – 10 март;
  • Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятида 15 феврал – 1 март;
  • Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 10-20 март ҳисобланади.

Экиш муддати 10 кунга кечикса, ҳосил 10–12 % камайишига олиб келади. Бунда пишиб етилиш даври қисқа бўлган картошканинг эртапишар навлардан: Санте, Невский, Розара, Латона, Агаве, Гранола, Зарафшон, Ред скарлет ва ўрта эртапишарлардан: Алвара, Аринда, Белуга, Виктория, Драга, Кондор, Карлена, Марфона, Фабула, Рамона навларини экиш тавсия этилади. Агар картошка навини аниқ билмасдан ўртапишар ёки ўрта кечки навлар экилса, оқ туганак илдизлари кеч пайдо бўлади ва кунлар исиб кетиб ғовлаб кетади.

Картошка ҳосилини ошириш, сифатини яхшилаш ва эрта етилишини таъминлаш учун ўрта ва йирик ҳажмли уруғлик туганакларни ундириб экиш керак.

Уруғлик туганак вазни 35–70–130 г ҳажмли қилиб экилганда униб чиқиш 2-3 кун, экишдан гуллашгача бўлган давр 8-13 кун қисқариб, ҳосилдорлик 35-40 фоизгача ортишига эришилади. Эртанги картошкани экишга тайёрлашда асосий омиллардан бири туганакларни ундиришдир. Ундириб экилган туганаклар ундирилмаганга нисбатан 12-25 кун олдин униб чиқади ва ҳосилдорлик ортади.

Уруғликлар катта-кичиклигига қараб алоҳида экилади. Бунда ўсимликларни ердан униб чиқиши, ўсиб-ривожланиши ҳосил етилиши бир хил бўлиши таъминланади. Акс ҳолда майда ниҳоллар бир текис чиқмайди. Натижада олдин униб чиққан ниҳоллар кейин униб чиққанларини эзиб қўяди. Ундириш учун эртапишар навлар 20-25 кун, ўрта эртапишар навлар 30-45 кун экиш муддатидан олдин қўйилади. Ундан кўпроқ қолиб кетса ҳосилдорлик пасаяди. Ундирилган туганаклар экишга чиқарилиш даврида, яхши унмаган ёки ипсимон ўсимталилари четлатилиши лозим.

Ўсув даврида эртанги картошка сизот сувлари чуқур жойлашган ерларда 7-8 марта суғорилади. Суғориш ҳар ҳафтада 1 марта, ҳосил туганаклари пайдо бўлиши билан 5-6 кунда гектарига 400–500 м3 ҳисобидан бериб турилади. Ҳар 2 суғориш оралиғида қатор оралари 10–12 см чуқурликда юмшатилади. Бу тадбир ўсимликлар шоналагунча ўтказиб турилади. Эртаги муддатда картошкани асосан колорадо қўнғизидан ҳимоялаш зарур. Ушбу қўнғиз тупроқда қишлаб қолади ва ниҳоллар ердан униб чиқа бошлаган даврда пайдо бўлади. Иложи борича қўлда териб олиш, тухум қўйгандан кейин эса кимёвий препаратлар билан бартараф этиш зарур. Акс ҳолда ҳосилдорлик кескин пасайиб кетади.

Манба: mygarden.uz

[print-me]

Related posts

Ғалла ҳосилини йиғиб олишда нобудгарчиликни олдини олиш бўйича тавсиялар

Қовун зараркунандалари ва уларга қарши курашиш

Салат барги етиштириш бўйича тавсиялар