Хўжаликда мавжуд сигирлар подасини тўлдириш учун қолдирилган урғочи бузоқлар 6 ойлик бўлгач, қатъий равишда сараланиб, сигир қилиб етиштириш мақсадида 2 ёшликкача ўстирилади. Ана шу давр ичида уларга маълум миқдорда озиқ меъёри белгиланади. Озиқ рациони ҳар ойда янгиланиб, қайта тузилиши лозим. Шу билан бирга рационнинг тўйимлилиги ҳам ортиб бориши керак.
Рациондаги озиқ моддалар миқдори ва ем-хашак таркиби ёш моллардан кунига режали равишда маълум миқдор билан қўшимча вазн олишга қаратилган бўлади. Кунлик қўшимча тирик вазн олиш шундай ташкил қилиниши керакки, ғунажин уруғлантириш ёшига етганида тирик вазни 350-400 кг, 24 ойлик бўлганида эса 405-471 кг атрофида бўлсин.
Боқиш давомида агар сигир бўлиб етишганида 400-450 кг тирик вазнда бўлиши мўлжалланган ғунажин бўлса, 7-9 ойлигида кунига 3,6 озиқ бирлиги, 400 г озиқ протеини, 30 г кальций, 20 г фосфор, 20 г ош тузи, 100 мг каротин берилади. Кейин ҳар ойда озиқ моддалар меъёри ортиб боради. Сигир ҳолатида тирик оғирлиги 500-550 кг бўлиши мўлжалланса, 7-9 ойлигида 3,9 озиқ бирлиги, 430 г озиқ протеини, 35 г кальций, 20 г фосфор, 25 г ош тузи ва 120 мг каротин берилади. Агар сигир жуссаси 500-600 кг тирик вазнда бўлиши режалаштирилган бўлса, ғунажинга 7-9 ойлик ёшидан бошлаб 4,5 озиқ бирлиги, 505 г озиқ протеини, 40 г кальций, 25 г фосфор, 30 г ош тузи, 140 мг каротин берилиши лозим.
Рационда озиқлар таркибининг хилма-хил бўлишини таъминлаш керак. Уларга протеинга бой тўйинтирилган емлар, илдизмевали ва серсув озиқлар, юқори сифатли дағал хашаклар берилиши лозим. Мол 8-9 ойлик бўлганидан сўнг дағал озиқлар сифатида баҳорги буғдой сомони ҳамда юқори сифатли тўпон берилиши мумкин. Шу усулларни қўллаб боқилган моллар 18 ойлигида қочиришга қўйилади. Уруғлантирилгандан сўнг асраш, яйратиш, боқиш технологияси худди туғиш олдидан сутдан чиқарилган молларга қўлланиладиган усул каби ташкил этилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Манба: «Қишлоқ хўжалик чорва молларини озиқлантириш», Б.М.Тожибоев, И.Э.Хошимов
[print-me]