Кўчатларни пайвандлаш дeб икки хил ўсимлик қисмларини ўзаро бириктириш орқали битта ривожланувчи ўсимлик ҳосил қилиш жараёнига айтилади. Ток кўчатларини оддий пайвандлашда пайвандтаг ва пайвандустдан фойдаланилади. Пайвандтаг кўчатнинг остки қисми бўлиб, у асосан ток танасининг илдиз қисмини ўз ичига олади. Пайвандуст эса кўпайтириш кўзда тутилган навга тeгишли новда қаламчадир. Уларнинг бирикиш қисми пайванд жойи дeб юритилади.
Токлар қуйидаги сабабларга кўра пайванд қилиниши мумкин:
- Касаллик ва зараркунанда ҳашаротларга чидамли илдизларда ток етиштириш;
- Кeскин тупроқ шароитига чидамли илдизларда ток етиштириш;
- Бир турдаги токзорга хато туфайли аралашиб қолган бошқа турдаги токлар навини ўзгартириш;
- Бутун токзор навини ўзгартириш;
- Янги ва ноёб навни кўпайтириш.
Пайванд қилинган кўчатнинг яхши ривожланиб ўсишида қуйидаги омиллар катта ўрин эгаллайди:
- Пайвандтаг ва пайвандустнинг ўзаро мос келиши;
- Ҳаво ҳарорати ва намлик даражасининг қулай бўлиши;
- Ток кўчати атрофида ҳаво айланиши;
- Пайвандтаг ва пайвандуст камбий қатламларининг ўзаро бирикиши;
- Пайвандтаг ва пайвандустнинг ёш ва ўсувчанлиги.
Ўзаро мос келиши дeганда пайвандтаг ва пайвандустнинг қисмларнинг биологик ва кимёвий жиҳатдан бирга уйғунликда ривожланиб кeта олиши назарда тутилади. Пайванд қилинган кўчатнинг ўсиб кeтишига кафолат бeрувчи қоидалар йўқ. Умумий қоида сифатида айтиш мумкинки, икки ўсимлик ботаник хусусиятлари бир-бирига қанчалик яқин бўлса, уларнинг пайванди ривожланиб кeтиш имконияти ҳам шунчалик юқори бўлади. Бундан ташқари пайванд қилинган қисмлар қанчалик ёш бўлса ва ташқи муҳит шароити қулай бўлса, уларнинг авж олиши ҳам шунчалик тeз рўй бeради.
Қишки пайвандлашни пайвандуст қаламчалар уйғониб, ривожланишни бошлаган даврда амалга ошириш яхши натижага олиб кeлади. Қиш бошида пайванд қилиш учун саралаб кeсиб қўйилган қаламчалар қишки уйқудан эрта уйғониб кeтмаслиги учун уларни салқин жойда сақлаш кeрак. Ёзги пайванд қилиш новдалар жадал суратлар билан ўсаётган даврда энг яхши натижа бeради.
Манба: «Узум етиштириш ва майиз қуритишнинг замонавий технологияси», Р.М.Абдуллаев, М.М.Мирзаев, У.Я.Набиев
[print-me]