Отларни озиқлантириш техникаси

Отнинг озиқ ҳазм қилиш физиологиясини эътиборга олган ҳолда у бажараётган иш ҳажми, мускулатурасининг фаолияти, биянинг бўғозлиги ёки эмизиклиги, тойчоқнинг ёши, айғирнинг эса наслчиликда фойдаланиш жадаллиги ҳисобга олиниб, озиқ меъёри ва ем-хашакка талаби аниқланади.

Отларга дағал озиқлардан: буғдой сомони, тўпон, табиий ўтлоқ пичани, беда пичани берилади. Емлардан: сули маккажўхори, арпа, жавдар, буғдой, тариқ, сорго, дуккакли ўсимликлар дони берилиши мумкин. Ҳажмли озиқлардан: лавлаги, картошка, силос, сабзи, кўк поя едириш мумкин. Чиқиндилардан: қанд саноати чиқиндилари, кепак, чорва маҳсулотлари чиқиндиларидан тайёрланган озиқлар берилади. Бундан ташқари, отлар яйлов шароитида ўтлатиб боқилиши ёки озиқбоп ўсимликларни ўриб едирилиши ҳам мумкин.

Физиологик ҳолати, ёши ва иш фаолиятининг турига қараб, дағал озиқлар 1,5 дан 3 кг га қадар берилади. Иш фаолияти оғир бўлганида дағал озиқ меъёри камайтирилиб, концентрат емлар миқдори эса оширилади. Қиш ойларида ишламайдиган отларга дағал озиқлар кўп берилади.

Ёз фаслида отлар яйлов шароитида боқилиши ёки кўк ўтни ўриб едирилиши мумкин. Енгил ва ўрта оғирликда иш бажараётган отларга 20–25 кг, наслдор айғирларга 20–30 кг, эмизикли ва бўғоз бияларга 50–56 кг кўкат ўт едириш мумкин. Онасидан ажратилган тойчоқларнинг ҳар 1 с тирик вазни ҳисобига 6–8 кг яйлов ўти едириш мумкин. Озиқбоп ўсимлик ўриб келтириб едирилганда кўкат ўтнинг намлигига эътибор берилиши керак.

Агар юқори намликдаги ўсимлик берилиши керак бўлганида озиққа сомон аралаштирилиб едирилиши лозим. Акс ҳолда от меъдасининг фаолияти бузилади. Айниқса, ишлайдиган отларни боқишда бу ҳолатга катта эътибор берилиши мақсадга мувоқдир.

Дон озиқлар отга эзиб янчиб берилиши семиртиришда энг яхши натижа келтиради. Агар донни эзишнинг иложи бўлмаса, майдалаб бериш керак.

Жавдаларни эса бутун ҳолда бериш мутлақо тўғри келмайди. Яхшиси, уни майдалаб, сўнгра сомон ёки тўпонга аралаштириб бериш маъқул бўлади. Агар ўзини танҳо ҳолда ва майдаламай берилса, отнинг колик касаллигига чалинишига (қорни шишиш) сабаб бўлади. Жавдарнинг кунлик меъёри 3–4 кг бўлиши кифоя. Отга буғдой кепаги ҳам берилиши мумкин.

Ҳажмли озиқлардан қизил сабзи кунига 6–8 кг дан берилиши мумкин. Шунингдек, лавлаги, картошка, юқори сифатли силос отнинг ҳар 1с тирик массаси ҳисобига 2–4кг берилади. Бўғоз бияларга эса силос оз берилиши керак. Рационда углевод, протеин ва минерал моддалар мувозанати талабга жавоб бера оладиган бўлишини таъминлаш лозим. Чопқир отларга, насл олишда фойдаланиб турилган айғирларга ҳам силос оз миқдорда берилиши керак. Гўшт учун боқилаётган отларга ҳажмли озиқлар кунига 30–50 кг атрофида берилса бўлади.

Манба: «Қишлоқ хўжалик чорва молларини озиқлантириш», Б.М.Тожибоев, И.Е.Хошимов

[print-me]

Related posts

Чорва молларини ташиш қоидалари

Қутуриш касаллиги хавфи ва профилактикаси

Қуёнларни бўрдоқига боқиш бўйича тавсиялар