От уй ҳайвони ҳисобланиб, инсонлар ундан транспорт ва хўжалик ишларида ҳамда спорт ўйинларида фойдаланиб келадилар. Бундан ташқари от гўшти ва сути озиқ-овқат маҳсулоти сифатида истеъмол қилинади. Тўйимлилиги, калорияси юқори бўлган от гўштидан турли хил лаззатли маҳсулотлар: қази, қарта, қуритилган гўшт, консерва, колбаса ҳамда таомлар тайёрланади. Шунингдек, от гўштидан тайёрланадиган қимиз аҳолининг энг фойдали ва шифобахш ичимликлардан ҳисобланади. У бир қатор касалликлар: сил, ошқозон-ичак ва бошқа касалликларни даволашда салмоқли ўрин эгаллайди.
Отларнинг биологик хусусиятларидан энг муҳими — уларни йил давомида яйловларда боқиш мумкин. Отлар серҳаракат, касалликларга чидамли, ташқи муҳит шароитига тез мосланувчи бўлади. Уларнинг физиологик етилувчанлиги 12-15 ой бўлиб, буғозлик даври 11 ойни ташкил этади. Айрим ҳолларда юқори сифатли, ҳаётчан биялардан 25-30 йил фойдаланиш мумкин. Лекин биялардан 6-15 ёшлигида энг сифатли қулун олинади.
Отлар уларни боқиш биологик хусусиятларига кўра бошқа турдаги чорва молларидан фарқ қилади. Уларнинг ошқозони содда тузилишига эга бўлиб, ҳажми жиҳатидан қорамолникига қараганда 7-8 марта кичикдир. Отларнинг ичаклари ҳам анча калта бўлади. Шунга кўра отларнинг асосий озиғи беда, пичан, ем, кунжара, серсув ва ширали озиқлар ҳисобланади. Ош тузи эса улар истаганича берилади.
Отларга кечқурун кўпроқ дағал озиқ берилади. Озиқлантиришда олдин дағал озиқ, сўнг ем ва яна дағал озиқ берилади. Суткасига 3-4 марта суғорилади. Терлаб турган отларни бир оз дам олиб бўлгач, суғориш мумкин.
Айғирлар рационига бияларни қочириш даврида 5 кг сут, 3-5 дона тухум, 0-03 кг гўшт-суяк унини киритиш тавсия қилинади. Агар айғирнинг тирик вазни 500 кг атрофида бўлса, у ҳолда унга суткасига 6-8 кг беда пичани, 6 кг ем ёки омихта озиқ бериш маъқул кўрилади. Айрим вақтларда 500-600 г дон майсаси бериш ҳам фойдалидир. Ёз ойларида беда пичани ўрнига 15-25 кг атрофида янги ўриб келтирилган кўк беда бериш мумкин. Қочириш кампанияси тугагач, уларнинг расионидан сут, гўшт-суяк уни ва тухум чиқариб ташланади ва 3 кг атрофида силос бериб турилади.
Буғоз ва эмизикли бияларни боқиш учун дастлаб уларнинг тирик вазни, ёши, ориқ-семизлиги ва физиологик ҳолати ҳисобга олинади.
Бунда уларнинг 100 кг тирик вазни ҳисобига ўртача 2-3 кг беда пичани, 0-0,8 кг омихта ем, 40% сули, 35% арпа, 25% маккажўхори, 0,1-0,2 кг кунжара, 1-1,5 кг сабзи ёки хашаки лавлаги, 0,5-1 кг силос бериш фойдали ҳисобланади.
Буғоз бияларга буғозлигининг сўнги ойида силос ва беда пичани берилмайди, хашак ва серсув озиқ миқдори бир оз камайтирилади. Уни ҳисобига 30-60 г дан суткасига бўр ва бошқа минерал қўшимчалар берилади. Совуқ сув ичириш ман этилади. Очиқ ҳавода яйратиб турилади.
Ёш айғир ва биялар 12-18 ойлигида жинсий балоғатга етишади. Лекин бу вақтда уларни урчитиш ёки ана шу мақсадда фойдаланиш мутлақо ярамайди. Акс ҳолда, улар ўсишдан тўхтайди, нимжон ва кичик вазнли қулун беради. Шуларни ҳисобга олган ҳолда биялар ва айғирлар 3 ёшга тўлгунча урчитишга қўйилмайди.
Маълумки, йилқилар асосан яйловларда боқилади ва кўпайтирилади. Бинобарин, республикамизнинг табиий яйловлари оз бўлганлиги учун отлар подаси кўпроқ тоғли зоналарда кўпайтирилади.
Ўзбекистонда йилқилардан асосан 3 хил мақсад учун, яъни спорт ишларида, гўшт ва қимиз йўналишида фойдаланилади. Кейинги йилларда бир қатор вилоятларда, жумладан Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Қорақалпоғистон Республикасида йилқиларни кўпайтириш тадбирлари кўрилмоқда.
Манба: «Чорвачилик ва паррандачилик асослари» М.З.Муртозаев, А.А.Кушаков, Т.А.Алибоев
[print-me]