Томорқасига экин экмаган фуқаролар ер солиғини оширилган ставкада тўлайди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ички талабни тўлиқ таъминлаш, аҳоли даромадлари ва фаровонлигини ошириш учун катта резерв ва имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

«Бунинг учун барча фермер, кластер, деҳқонлар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўз даласида, аҳоли эса томорқасида баҳорги экиш ишларини давом эттириши керак. Акс ҳолда ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш қийин бўлиши ҳаммага аён» — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлиши кераклигини таъкидлади.

Хонадонларда ихчам иссиқхоналар қуриш ҳам муҳим. Бугунги кунда томорқаларда жами 4 минг гектар енгил конструкцияли иссиқхоналар мавжуд бўлиб, уларда йилига уч марта ҳосил олишни йўлга қўйиш мумкин.

Лекин кўплаб туманларда бу масалага етарлича эътибор берилмаётгани кўрсатиб ўтилди. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ҳар бир сектор ҳудудида камида 100 тадан хонадонда 1-1,5 сотихли иссиқхоналар ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди. Томорқаларда етиштирилган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга етказиб бериш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Ҳозирги синовли даврда томорқа ерларига экин экмаслик, қаровсиз ташлаб қўйиш юртга ва ерга нисбатан хиёнат деб баҳоланиши таъкидланди. Шунинг учун томорқадан самарали фойдаланмаётган хонадон эгалари расман огоҳлантирилиши, ундан кейин ҳам экин экмаганларга ер солиғи оширилган ставкада қўлланилиши маълум қилинди.

Бу борада мутасадди раҳбарларга тегишли ҳужжатни қабул қилиш топширилди. Томорқалар ҳолатини дронлар орқали мониторинг қилиш ҳамда улардан унумли фойдаланиш учун ҳар бир сектор кесимида зарур чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Манба: president.uz

[print-me]

Related posts

“Фермерлар мактаби”нинг 3-мавсумига қабул эълон қилинди

2021 йилги пахта терими нархлари белгиланди

Давлатимиз раҳбари Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги инновацион иссиқхонани кўздан кечирди