Ондатра мўйнали ҳайвоннини парваришлаш

Ондатра ўзининг ташқи кўриниши билан кўпроқ йирик каламушларга ўхшаб кетади. Ондатранинг мўйнаси ўсиқ ва сарғиш-жигарранг, қора ёки тўқ малларанг бўлади. Унинг мўйнаси чиройли қўриниши ва ташқи таъсирга чидамлилиги билан ажралиб туради. Қишги шубалар тайёрлашда ондатра мўйнаси кенг ишлатилади.

Ондатраларнинг ҳаёти асосан серсув, ўсимликларга бой бўлган кўлмак ерларда ўтади. Улар шундай ерларда урчиб кўпаядилар. Асосий озиғи — қамиш ва шу каби сув ўсимликлари, уларнинг илдизлари, ҳамда сувдаги моллюскалар, ҳашаротлар, сувдаги майда ҳайвонлар ва уларнинг личинкалари ҳисобланади. Улар сузган вақтда кўпинча боши ва елка қисмини ташқарига чиқарган ҳолда жуда тез ҳаракат қилади.

Урчиши — бирмунча жадаллик билан юз беради. Уларнинг буғозлик даври 25 кун давом этади. Бир йўла 3-8 та бола туғади.

Уларнинг болалаши авваламбор ташқи муҳитга боғлиқ. Агар шимолий зоналарда улар йилига 2 марта болаласа, республикамиз шароитида улар йилига 5 мартагача болалайди.

Болалари — 20-25 кун давомида онасининг сути билан озиқланади. Сўнг мустақил ҳолда турли хил озуқаларни истеъмол қила бошлашади. Табиий шароитда урғочилари эрта баҳорда кўпаяди. Болалари туғилгач бир ой мобайнида улар қайтадан куюкади. Шу тариқа йилига 4-5 марта болалаб, 35-40 тагача бола бериши аниқланган. Болаларининг ўсиши дастлаб онаси сутининг миқдорига ва парваришига боғлиқ бўлади.

Мўйна сифати бўйича ондатралар мўйнабоп хайвонлар ичида салмоқли ўрин эгаллайди. Шунинг учун уларни хўжалик шароитида кўпайтириш ишлари юқори самарадорликка олиб келади.

Ондатралар асосан Амударё атрофидаги серсув ерларда кўпайтирилади. Мўйнанинг сифати асосан қиш ойларида юқори бўлади. Бошқа вақтларда улар туллайди ва бу жараён мўйна сифатига салбий таъсир кўрсатади. Ондатра сўйилганда уларнинг думи ва оёқлари ташлаб юборилади. Шилиб олинган териси махсус рамаларга кийдирилган ҳолда қуритилади ва уларга ишлов берилади.

Ҳозирги вақтда ондатралар Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ тумани хўжаликларида ва Амударё қирғоқларига жойлашган хўжаликларида кўпайтирилмоқда.

Манба: «Чорвачилик асослари», И.Мақсудов, Ж.Жўраев, Ш.Амиров

[print-me]

Related posts

Чорва молларини ташиш қоидалари

Қутуриш касаллиги хавфи ва профилактикаси

Қуёнларни бўрдоқига боқиш бўйича тавсиялар