Асалари сути фойдаси ва олиш усуллари

Асалари сути асаб, юрак-қон томир, сийдик таносил тизими, овқат ҳазм қилиш тизими, бўғимлар ва суяк, мушак, ўпка ва нафас олиш тизими фаолиятига фойдали таъсир қилади.

Асаларнинг сутидан бир қанча касалликларга даво бўладиган препаратлар ишлаб чиқарилади. Асалари сути моддалар алмашинувини яхшилайди, семириб ёки озиб кетишга қарши қўлланилади. Инсон танасини юқумли касалликларга қаршилигини кучайтиради, эндокрен безлари фаолиятини яхшилайди. Атероскероз ва юрак қон томирлари етишмовчилигини даволашда яхши таъсир кўрсатади.

Асалари сутининг кўп қиррали хусусиятини ва инсон организмининг турли тизимларига турлича таъсири сабабли ушбу препарат фақат врач тавсияси билан қабул қилиниши шарт.

Асалари сутини олиш усуллари

Асаларилар ўз уруғини (қуртчаларини) оналик сути билан боқишади ва она ари қуртчасига эса энг кўп сут берилади. Шу сабабли она ари учун махсус ясалган катакчалардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Асалари сутини кўп миқдорда йиғиш учун унинг уясини етимлантириш услуби орқали яхши натижа олинади. Бу усул билан асалариларнинг турига қараб бир қанча сут олиш мумкин. Мисол учун кавказ асалариларидан бир мартада 50-60 дона оналик катакчалари олинади.

Асаларилардан сут олиш учун уя танлаб олиниб она арисидан ажратиб олинади. Она арисиз қолган уяда кўпроқ қадоқланган уруғли ром, бир неча озуқали ром ва бир дона янги уруғли ромдан қолдирилади. Орадан 5-6 соат ўтгандан кейин етимлантирилган уянинг ўртасига махсус оналик катакчаларига ёш қуртчалар жойлаштирамиз. Асаларилар уяга қўйилган оналик катакчаларини 4 сутка давомида тўлдиришади. Асаларилардан ҳар 4-5 суткада махсус ромлар йиғиб олиш мумкин.

Сут олиш учун фойдаланилган уяни кейинчалик янги она чиқариш йўли билан ёки аввалдан бўлинган уяга она арисини вақтинчалик ҳимоялаш орқали қўшиб юбориш мумкин.

Оналик сутини йиғиш санитария қоидаларига мос бўлган хонада амалга оширилади. Ишга киришишдан олдин қўллар ва барча фойдаланиладиган асбоблар спирт билан дезинфексияланади. Сутли катакчаларда олиб келинган қуртчалар олиб ташланади.

Асалари сутини сақлаш

Асаларидан олинган сутни очиқ ҳавода ўзининг фойдали хусусиятини йўқотиши сабабли катакчаларда сақлаш мақсадга мувофиқдир. Маҳсулот уядан ташқарида 10-15 дақиқадан сўнг сифатини йўқота бошлайди. Сақлаш учун асалари сути табиий ҳолда-катакчаларида махсус герметик контейнерга жойланади ва совитгичда 1,5-2°C даражада йил давомида сақлаш мумкин. Сақлашнинг яна бошқа усулида асалари сути шиша колбачага йиғиб олинади. Сўнг ҳаво кирмайдиган қилиб мум билан муҳрлаб маҳкамланади.

Манба: asalarichilik.uz

[print-me]

Related posts

Асаларичиликда февраль ойида бажариладиган ишлар

Асаларичиликда август ойида бажариладиган ишлар

Асаларичиликда май ойида бажариладиган ишлар