Ўзбекистонда етиштириладиган нок навлари

Нок дарахтлари ўзининг кўп йил яшаши ва серҳосиллиги билан ажралиб туради. Мевасидан етилиши билан истеъмол қилиш, компот, мураббо ва ҳар хил шарбатлар тайёрлаш мумкин.

Ўзбекистон шароитида нок дарахтлари яхши ўсади. Мўл ҳосил беради, кучли пайвандтагларда ўстирилган томорқаларда 70-80 йил умр кўриши мумкин. Кўп йиллик кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, нок дарахтлари шимолий ҳудудларда ва тоғли ҳудудларда яхши ўсиб, сифатли ва мўл ҳосил бермоқда. Нокзорлар тўғри барпо этилиб, ўз вақтида парвариш қилинганда кучли пайвандтагларда ўстирилганда нок дарахтлари 5-6-йилдан бошлаб ҳосилга киради, лекин 10-12 ёшга кирганда тўлиқроқ ҳосил қилади.

Нок мевалари чиройли бўлиб, уларни узоқ муддат сақлаш мумкин, ташиш учун чидамлидир. Меваси маззали ва хушбўй бўлиб, қуритилганда аъло сифатли махсулот бўлади. Октябр ойида дарахтлардан териб олинган кечпишар нокларни махсус биноларда сақланса келгуси йил май ойигача бемалол сақлаш мумкин.

Юртимиз боғбонлари томонидан қуйидаги нок навлари етиштирилади:
  • Бера Лигеля нави – дарахти ўртача бўйлик, мевасининг вазни 120-150 гр, калта тухумсимондир. Мева қобиғи силлиқ, юпқа, пишиқ, териш олдида ёрқин кўк рангда, пишиб етилганда мевасининг ранги эса тарам-тарам қизғиш ранга киради. Пўстининг ҳамма қисмида қора-қўнғир нуқталар бўлади. Ҳосилдорлиги яхши, мевалари август ойида пишиб етилади.
  • Қишки нашвати нави -2 нави маҳаллий нав бўлиб, меваси қишда яхши ва узоқ муддат сақланади. Бу нав октябр ойининг биринчи ярмида пишиб етилади. Мевасининг ўртача вазни 150-200гр бўлиб, айримлари 300-400гр га етади. Мева шакли думалоқ бочкага ўхшаш, устки қисми силиққдир.
  • Қулола нави – кечки қишки нав ҳисобланади. Дарахнинг баландлиги ўртача 7-8м га, кенглиги эса 5-6м га боради. Меваси йирик бўлиб, унинг ўртача вазни 380-400гр, айримларники эса 960гр етади. Мева эти оқ крем рангида бўлиб, сариқ-кўк тусини ҳам беради. Меваси октябрнинг биринчи ярмида териб олинади. Дарахтда мевалари тўкилиб кетмай, қаттиқ ушланиб туради.
  • Қалдирғоч нави – янги етиштирилган хўраки, эртаги нав. Дарахти кучли ўсади. 20 ёшдаги дарахтнинг баландллиги 5-6м га боради, шох-шаббасининг кенглиги 4м ни ташкил қилади. Мевасининг ўртача вазни 120-150гр, тескари тухумга ўхшаш тўмёқ, оч сариқ, устида қизил тиниқ йўли бор. Ҳосилини 7-10 кунгача сақлаш мумкин.
  • Ўрмон гўзали нави – ёзги хўраки нав, бутун мамлакатнинг ҳамма зоналарда кўпайтириш учун тавсия этилган. Мевасининг ўртача вазни 120-130гр. Меваси август-сентябр пишиб етилади, 15-20 кунгача сақлаш мумкин. Қуритиш учун мосдир. Дарахтлари совуққа бардош бера олади, чидамли, узоқ умр кўради.
  • Кузги қизил нашвати нави – дарахти совуққа чидамли, баҳорда гуллари камдан-кам совуққа зарарланади. Тупроқда кўпда талабчан эмас. Меваси териб олишда кўк-сариқ рангда, физиалогик пишиб етилган даврга келиб пўсти пухта ва силлиқ бўлади. Мевасининг асосий ранги тиниқ сариқ бўлиб, пўстини тарам-тарам қизил ранглар босган. Мевасининг ўртача вазни 200гр, айримлари 280гр келади. Меваси сентябрнинг биринчи ярмида бир текисда ёппасига пишганда териб олинади.

Манба: mygarden.uz

[print-me]

Related posts

Узумчилик ва виночилик кластерлари ташкил этилади

Узум ҳосилини йиғиб олиш бўйича тавсиялар

Гилос дарахтларига шакл бериш бўйича тавсиялар