Сақлаш давомида меваларда кузатиладиган касалликлар

Кузда териб олинган олма ва нок мевалари одатда 6-10 ойгача сақланади. Бу вақт ичида уларни 100 тадан кўпроқ микроорганизм турлари зарарлаши ва ҳосилнинг анча қисмини нобуд қилиши мумкин.

Олма, нок ва беҳи меваларининг кўк моғор касаллиги

Кўк моғор билан зарарланиб чириётган мевалардан зах ҳиди келади. Мева қобиғи оч ёки тўқ жигарранг тус олади. Тўқималар юмшаб, бўтқага ўхшаб қолади, соғлом тўқимадан осон ажралади. Кўп мамлакатларда омборхоналарда мевалар совуқда (0-4°C) ёки назорат остидаги шароитда (0-4°C), 1-3% кислород ва 8% дан кам карбонат ангидрид сақланади. Назорат остидаги шароит қўлланиладиган омборхоналарда кўк моғор меваларда кам (~1% да) учрайди. Омборхонадан ташқарига олиб чиқарилган мева устида олдин замбуруғнинг оқ тусли мицелийси, кейин мицелий, конидиофора ва конидияларидан ташкил топган кўкиш-яшил моғор ҳосил бўлади.

Меваларнинг кулранг моғор касаллиги

Бу касаллик омборхоналарда сақланаётган нокнинг энг муҳим, олмада эса, кўк моғордан кейин 2- ўриндаги касаллиги ҳисобланади. Зарарланган мева устида четлари ноаниқ, туси тўқсариқдан оч-жигарранггача бўлган доғлар ривожланади. Улар вақт ўтиши билан ўсади, жигарранг ёки тўқ-қўнғир тус олади. Нокнинг яшил меваларида сув шимганга ўхшаш кулранг-яшил, кейин қўнғир тус олувчи доғлар пайдо бўлади. Ҳали пишиб етилмаган олма ва нок меваларининг чириган қисмлари қаттиқ бўлиб, соғлом қисмидан осон ажралмайди, улар кейинчалик юмшайди. Бутунлай чириган мевалар қайноқ сувда пишгандай тус олади ва улардан шароб ҳиди келади. Юқори намликда чириётган мевалар устида оқ ёки кулранг-оқ моғор ривожланади. Конидиялар пайдо бўлгач, моғор кулранг тус олади.

Олма ва нок меваларининг альтернариоз чириши

Касаллик олма ва нок меваларида дунёнинг барча мамлакатларида тарқалган, аммо кам учрайди. Унинг аҳамияти меваларга кўк ва кулранг моғорга қарши бензимидазол фунгицидларидан биронтаси билан ишлов берган ҳолларда ошади. Зарарланган мева пўстида думалоқ, жигарранг ёки қора, қаттиқ, қуруқ яралар пайдо бўлади. Кейинчалик зарарланган жойлар ғовак бўлиб қолади. Мева этида қора, узун доғлар ривожланади. Нам шароитда яралар устида қора моғор ҳосил бўлади. Совуқ шароитда яралар секин ўсади ва 5 ойдан сўнг уларнинг диаметри 2,5 см гача етади. Замбуруғ космополит бўлиб, ҳар хил субстратларда Ўзбекистонда ҳам кенг тарқалган. Аммо мевалардан ажратиб олингани ҳақида хабарлар мавжуд эмас.

Олма ва нок меваларининг мукороз чириши

Касаллик олма ва нокда кўк ва кулранг моғорга нисбатан кам учрайди. Зарарланган тўқима юмшайди, оч-жигарранг тус олади, 0 С ҳароратда 2 ой ичида мева бутунлай чирийди. Мевадан ичида споралари мавжуд бўлган суюқлик оқади. Омборхоналарда касаллик нок ва олмадан олмага ўтмайди, аммо нокка ўтади. Ўзбекистонда меваларда қайд этилмаган, аммо учраши тахмин қилинади.

Йиғиб олинган меваларнинг касалликлари билан кураш чоралари
  • меваларни териб олишдан олдин дарахтларга таркибида бензимидазол бўлган билан бирор фунгицид ёки бензимидазолли фунгицидга дифениламин қўшиб пуркаш;
  • меваларни териш, яшикларга жойлаш ва омборхонага ташиш пайтида механик жароҳатлардан асраш;
  • териб олинган меваларни дарҳол рефрижераторларда совитиш (жуда муҳим);
  • мева қўйишдан олдин омборхоналарнинг девори, шипи, поллари ва полкаларни пухта дезинфекция қилиш;
  • агар сақлашга қўйиладиган мева олдин ювилса, мева ювиладиган сувга бензимидазол ва дифениламин ёки каптан қўшиш ёхуд меваларни хлорланган ёки илиқ сув билан ювиш;
  • омборхоналарда мевалар совуқ ҳароратда (0°C) ёки назорат остидаги шароитда (0-4°C, 1-3% кислород ва 8% дан кам карбонат ангидрид) сақланишини таъминлаш тавсия қилинади.

Манба: «Мевали ва ёнғоқ мевали дарахтлар, цитрус, резавор мевали буталар ҳамда ток касалликлари ва уларга қарши кураш» Б. А. Ҳасанов, Р.О. Очилов, Р.А. Гулмуродов (2010)

[print-me]

Related posts

Узумчилик ва виночилик кластерлари ташкил этилади

Узум ҳосилини йиғиб олиш бўйича тавсиялар

Гилос дарахтларига шакл бериш бўйича тавсиялар