Курка уй паррандалари ичида гавдаси энг йириги ҳисобланади, вояга етган курка хўрозларининг вазни 9–16 кг етади. Курка макиёнлари жуда яхши курк бўлишади ва очиб чиққан жўжаларини меҳр билан боқади.
Курка гўштининг мазали ва парҳез таом сифатида аъло даражада эканлиги ва боқиш ҳаражатлари кўп маблағ талаб эмаслиги, куркачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш анчагина сердаромад тадбиркорлик усули эканлигини англатади.
Курканинг келиб чиқиши Америка қитъаси бўлиб, Европага “денгиз орти товуқлари” номи билан испанлар томонидан олиб келинган, кейинчалик Осиё давлатларига ҳам шу ерлардан тарқалган.
Куркаларнинг кенг тарқалган зотлари қуйидагилар:
“Маҳаллий ўзбек” зотли курка. Ўрта Осиё иқлимига мослашган зот бўлиб, кўп йиллар давомида яратилган. Патлар ранглари бўйича бир неча турлари бор: бронза ранги, оч сариқ ранг ва бошқалар. Тирик вазни унча юқори эмас: эркак курка 6–7 кг, урғочиси 3,5–4 кг бўлади. Йилига 45–50 дона тухум беради. Охирги йиллари юқори маҳсулдор курка зотлари билан чатиштириб, маҳаллий курка зоти маҳсулдорлиги оширилди: эркак куркалар 10 кг, урғочилари 6 кг. ни ташкил этади. Йилига 70 донагача тухум беради.
“Бронза Шимолий Кавказ” зотли курка. 1946 йил Ставропол ўлкасида маҳаллий бронза ранг курка зотини кенг кўкракли бронза ранг куркаси билан чатиштириш орқали яратилган. Алоҳида зот сифатида 1956 йил тасдиқланди. Патлари бронза ранг, серҳаракат, ноқулай табиат шароитларига чидамли, эркак куркаларнинг тирик вазни 12–14 кг, урғочи куркаларники 6,5–8 кг. ни ташкил этади, йиллик ўртача 75–80 дона тухум беради, бир дона тухум оғирлиги 80–85 г атрофида бўлади.
“Шимолий кавказ” зотли курка. Шимолий Кавказ хўжаликларида маҳаллий куркаларни кенг кўкракли бронза ранг куркалар билан чатиштириш орқали яратилган. Улар маҳаллий шароитга айниқса яйловда боқишга жуда мослашган. “Шимолий кавказ” курка зоти йилига 75–90 дона тухум беради, айрим турлари бундан ҳам кўп тухум беради.
“Оқ Шимолий Кавказ” зотли курка. 1964 йил Ставропол ўлкасида маҳаллий бронза ранг курка зотини кенг кўкракли оқ ранг куркаси билан чатиштириш орқали яратилган. Алоҳида зот сифатида 1975 йил тасдиқланган. Патлари оқ ранг, эркак куркаларнинг тирик вазни 12–14 кг, урғочи куркаларники 6,5–7 кг. ни ташкил этади, йиллик ўртача 75–90 дона тухум беради, бир дона тухумнинг оғирлиги 80–85 г атрофида бўлади.
“Қора Тихоретс” зотли курка. Краснодар ўлкаси Тихоретс туманида маҳаллий қора зотли куркаларнинг наслини яхшилаш орқали яратилган, қора бронза рангида жиловланади, эркак куркаларнинг тирик вазни 9,5–10 кг, урғочиси 4,5–5 кг. ни ташкил этади. Гўштга боқилган куркалар 17 ҳафталикда тирик вазни 3,2–4,4 кг. ни ташкил этади, йиллик ўртача 80–100 дона тухум беради, бир дона тухумнинг оғирлиги 80–85 г. ни ташкил этади.
“Оқ Москва” зотли курка. Москва вилоятидаги “Березки” хўжалигида яратилган. Тирик вазни “Москва бронза ранги” зотидан енгил, лекин тухумни кўп беради – йилига 100 дона.
Бундай зотли куркалар ноқулайликларга чидамлилиги ва тез етилиши билан ажралиб туради.
“Бронза Москва” зотли курка тирик вазнининг оғирлиги билан ажралиб туради: 1 йиллик эркак курка 14 кг, урғочи куркалар 9 кг. га етади. Йилига 80 дона тухум беради. Патлар ранги бронза-мис ранги шуъласини бергани учун бронза рангли номини олган. “Москва” номи Москва вилояти “Березки” хўжалигида яратилганлиги учун берилган.
“Кембриж” ёки “Голланд” зотли курка патлари ранги кўкимтир-қора рангда жиловланади, жўжалари тўқ жигар ранг — кул ранг доғлари билан ажралиб туради. Бронза (мис ранг), қизил-тўқ жигар ранг, кул ранг ва оқ ранг турлари мавжуд, айрим ҳолларда дум патлари учи қора рангда бўлади.
“Бронзаранг кенг кўкракли” зотли курка келиб чиқиши Америка қитъаси бўлиб, эркак куркаларнинг тирик вазни 16–19 кг, урғочилари 11 кг. гача бўлади. Бронза рангли бўлиб, сиёҳ ва пурпур ранглари билан жиловланади. Асосан курка наслини янгилаш ва насл маҳсулдорлигини ошириш учун боқилади.
“Қора Испан” зотли курка курагида ва дум қисмида тўқ жигар ранг яшил ранг шуъласини жиловлантиради. Куркалар бош қисмида оқ доғлари бўлади, оёқлари қора рангда, ўрта бўйли, тирик вазни 15–18 кг. ни ташкил этади. XVII асрнинг бошларида Испаниядан Шарқий Англиянинг Норфолк графлигига келтирилган куркалардан яратилган.
Манба: agro.uz
[print-me]