Чорва молларининг яхши ўсиши ва уларнинг маҳсулдорлигини оширишда ташқи муҳит катта таъсир қилади. Чорвачиликни ривожлантиришда иқлим, шу жойининг ўзига хос шароитлари ҳал қилувчи рол ўйнайди. Иқлимнинг ҳайвонларга ҳам, ем-хашак базасига ҳам таъсири бўлади. Молхоналардаги ҳавонинг иссиқлиги, намлик даражаси, таркибидаги газларнинг алмашинуви ҳам молхонанинг ёритилиш даражаси қишлоқ хўжалик ҳайвонларига таъсир қилади.
Ҳарорат. Ҳайвонлар совуқда қолса, танасидан иссиқлик ажралиши кучаяди, унинг ўрнини тўлдириш учун эса организм кўпроқ ем-хашак талаб қилади, бундай ҳолда озиқ модда етишмаса маҳсулдорлиги камаяди ва сифати ёмонлашади. Шунингдек, ҳайвонлар совуқда узоқ муддат қолиб кетса шамоллайди, касалланади ва ҳатто нобуд бўлади. Ҳайвонларнинг тери остидаги ёғ қатлами ва терининг қалин жун билан қопланиши танадан иссиқликнинг тарқалишига ва организмга совуқнинг таъсир этишига йўл қўймайди, аммо ҳароратнинг нормадан пасайиши ҳам ҳайвонга ёмон таъсир қилади. Ёш ҳайвонлар катта ёшдаги ҳайвонларга нисбатан совуққа чидамсиз бўлади.
Чорва молларига юқори ҳарорат ҳам ёмон таъсир қилади. Юқори ҳароратда ҳайвонлар терлайди, натижада ҳайвонда сув ва энергия кўп сарфланади. Қуёш остида қолган молларни офтоб уради ва касалга чалинади.
Намлик. Чорва моллари боқиладиган хоналарда маълум миқдорда намлик бўлиши керак. Бу намлик ҳароратга ва молхонадаги ҳавонинг алмашинишига боғлиқ бўлади. Полдаги, сувдонлардаги ва ҳўл ем-хашакдаги намнинг буғланиши натижасида молхонада ҳавонинг намлиги ортади. Шунингдек, ҳайвонлар нафас чиқарганда ва терлаганда ҳам кўп миқдорда сув буғланади.
Ёруғлик. Молхонага ёруғлик яхши тушиб туриши лозим. Ёруғ хоналарда моллар ем-хашакни яхши топиб ейди. Ёруғлик тушиб турадиган хоналарда паррандалар, отлар, қорамоллар ва чўчқалар яхши ривожланади. Лекин молхонага кечаси лампалар ёқиб қўйиш молларнинг яхши дам олишига халақит беради.
Молхоналарга қўйиладиган талаблар. Чорва моллари учун мўлжалланган фермалар шамол томондан ҳимояланган, ер ости сувлари чуқурлиги 4 м дан кам бўлмаган баландроқ жойга қурилиши лозим. Шунингдек, молхоналар аҳоли яшайдиган бинолардан камида 500-1000 м нарида, шамолга тескари ва пастроқ томонда, темир йўл ва автомобиллар қатнайдиган катта йўллардан 300 м узоқда бўлиши мақсадга мувофиқ.
Молхоналарни қуришда иссиқликни кам ўтказадиган материаллардан фойдаланиш лозим. Бетон, ёғочга қараганда иссиқликни тез ўтказади. Шунинг учун молхоналар ёғочдан қурилса яхши бўлади. Ёғоч иссиқликни кам ўтказади, лекин ўзига нагл тортади. Шунинг учун ёғочдан қурилган биноларнинг ҳавоси нисбатан қуруқ ва иссиқроқ бўлади, лекин ёғоч тез чирийди.
Сувнинг аҳамияти. Сув ҳайвонлар ҳаётида жуда муҳим ахамиятга эга. Ҳайвонлар организмининг 65-70 % ини сув ташкил этади. Айниқса, ёш моллар танасида катта ёшдаги ҳайвонларга нисбатан сув кўпроқ бўлади.
Ҳайвонларда кечадиган барча жараёнлар сув туфайли содир бўлади. Ҳайвонлар танасидаги заҳарли моддалар сув билан бирга ташқарига чиқиб кетади ҳамда сувнинг буғланиш натижасида ҳайвонлар танасидаги иссиқлик пасаяди.
Сувнинг тозалиги. Ҳайвонларга бериладиган сув тоза бўлиши лозим. Сувда ҳайвонлар учун зарарли бўлган заҳарли моддалар, касаллик тарқатувчи микроблар ва ҳар хил тузлар бўлмаслиги керак. Чорва моллари ичадиган сув тиниқ, рангсиз, ҳидсиз ва мазали бўлиши лозим. Сувда ҳар хил тузлар бўлса, уларнинг мазаси тахир, аччиқ, шўр ёки қўланса ҳидли бўлади. Бундай сувни ҳайвонлар яхши ичмайди ёки мутлақо истеъмол қилмайди.
Сув манбалари. Чорва молларига бериладиган сувнинг асосий манбалари дарйодан оқиб келадиган, қор ва ёмғир, кўл ва ҳавза, булоқ ва ер ости сувлари ҳисобланади. Дарё сувлари баҳорги ёғингарчилик ва сув тошқини туфайли лойқаланади, унда ҳар хил аралашмалар кўпайиб кетади. Шунингдек, улар саноат ва аҳоли чиқиндиларининг қўшилиши натижасида ифлосланиши ҳам мумкин. Ҳайвонларга сув беришда ана шуларни ҳисобга олиш лозим.
Манба: agro-olam.uz
[print-me]