Ғозлар мамлакатимизнинг деярли ҳамма ҳудудларида асосан гўшт етиштириш мақсадида кўпайтирилади. Ғоз жўжалари 75 кунлик бўлгунча жадал боқилиб, ўртача тирик вазни 4-5 кг га етганда гўштга топширилади. Ғоз болалари ҳам худди ўрдак болалар боқиладиган шароитларда асраб боқилади. Ёш ғозлар асраладиган хонанинг поли майда секцияларга бўлинади ва ҳар бир секцияга 150-200 тадан ғоз болалари қўйилади. Бунда хона полининг ҳар 1 м2 майдонига 10 тадан ғоз боласи тўғри келади. Ғоз болалари ҳам 20-30 кунлик бўлгунча махсус иситиладиган жўжахоналарда асралади. Сўнгра аста-секин ўтлоқларга чиқариб, кўк ўт билан озиқланишга ўргатилади.
Ёш ғозларнинг тез ўсиб ривожланишини таъминлаш учун улар 30 кунлик бўлгунча кунига 6-7, 31 дан 45 кунликкача 4-5, 46 кунлигидан бошлаб кунига 3-4 марта озиқлантирилади. Озиқлантириш рациони ғозларнинг ўсишини ҳисобга олган ҳолда ҳар 10 кунга алоҳида тузилади.
Бунда ғоз жўжалари озуқа рациони қуйидагича тузилади:
- 1 дан 5 кунлик ёшда: 10 г маккажўхори, 15 г барра кўкат ўт, 26 г қаймоғи олинган сут, 1 г гўшт ва суяк уни, 10 г пиширилган тухум, 1 г чиғаноқ берилади;
- 6 дан 10 кунликкача: 20 г маккажўхори, 35 г шоналаш фазасида ўрилган кўк беда, 15 г комбикорм, 2 г чигит кунжараси, 50 г қаймоғи олинган сут, 4 г гўшт ва суяк уни, 2 г чиғаноқ бериш лозим;
- 11 дан 20 кунликкача суткасига: 30 г маккажўхори, 50 г кўк беда, 35 г омихта ем, чигит кунжараси, 70 г қаймоғи олинган сут, 8 г гўшт ва суяк уни, 2 г чиғаноқ едириш керак;
- 21 дан 30 кунликка қадар: 40 г маккажўхори, 100 г кўк беда, 75 г омихта ем, 6 г чигит кунжараси, 90 г қаймоғи олинган сут, 10 г гўшт ва суяк уни, 3 г чиғаноқ билан озиқлантирилади;
- 31 дан 40 кунликкача: 75 г маккажўхори, 200 г барра беда, 100 г омихта ем, 15 г чигит кунжараси, 100 г қаймоғи олинган сут, 15 г гўшт ва суяк уни, 3 г чиғаноқ бериб боқилади;
- 90 кунлик бўлганида: 70 г маккажўхори, 600 г кўк беда, 80 г омихта ем, 40 г чигит кунжараси, 100 г қаймоғи олинган сут, 10 г гўшт ва суяк уни, 2 г чиғаноқ берила бошлайди.
Манба: «Қишлоқ хўжалик чорва молларини озиқлантириш», Б.М.Тожибоев, И.Е.Хошимов
[print-me]