Ғоз — сувда яхши сузувчи, узун бўйли парранда тури. Ғозлар ўз жуфтига содиқликни узоқ вақт сақлайди. Урғочиси тухумни босиб ўтиради, эркаги уясини қўриқлайди. Жўжаларини ота-оналари бирдек олиб юришади.
Ғознинг урғочиси тухум қўйгандан кейин қорнининг устидан парларини юлиб, уясининг тагига солади ва озиқлангани кетаётганда тухумларининг устини парлар билан ёпиб қўяди. Уяларни кўпинча сувга яқин ерларда, ўтлар, дўнгликлар ва бошқалар орасига қўяди. Тухумлар сарғиш, ҳаво ранг, яшил ва шунга ўхшаш рангларда бўлади. Ғозлар 4 тадан тухум босади.
Тухумдан очиб чиққан жўжалар усти қуригандан кейин, эртаси куни ерда югуриб, сувда сузиб юради. Ғоз жўжалари уясидан чиқиб кетгандан кейин у ерга бошқа қайтиб келишмайди. Жўжалар озуқани ўзлари топиб истеъмол қилишади. Жўжаларни ота-она ғозлар эргаштириб олиб юришади, ҳимоя қилишади ва вақтида бағрига олиб иситишади. Жўжалар 1–3 ойлигида қанотини ёйиб, учишни бошлайди. Жинсий вояга 1 йилда етилади. Кўпайиш мавсумидан бошқа вақтларда гала бўлиб юришади.
Насл учун ғоз саралаш
Ғозлардан насл олиш ишлари октябрь ойининг иккинчи ярми-ноябрь ойининг бошларида ўтказилади ва 3:1 нисбатда, яъни учта урғочи ғозга битта эркак ғоз ҳисобида қолдирилади. Наслга саралашда зотнинг ажралиб турувчи белгиларига, яъни тирик вазни, қомати, пат қоплами ва гўштининг турларига эътибор берилади. Эркак ғозларнинг тирик вазни олдиндан аниқланади ва галадан ажратилади. Эркак ғозларнинг урғочисига нисбатан олинадиган наслнинг сифатига, яъни маҳсулдорлигига ва чидамлилигига таъсири катта бўлади.
Шунинг учун эркак ғозларни наслга танлаб олишга катта эътибор бериш керак. Эркак ғоздан хўжаликда 4 йил, урғочисидан 5–6 йил фойдаланиш мумкин. Эркак ғозларда қариндошлик урчишлар бўлмаслиги учун улар ҳар 3 йилда алмаштириб турилади.
Ота-она галасини парваришлаш
Она ғозларнинг тухум қўйишни бошлашини бесаранжом бўлишидан билиш мумкин. Улар инига тез-тез ўтиради ва ҳашакларга кўмилиб олади. Она ғозлар, одатда, кун ора тухум қўяди. Тухумни ҳаво ҳарорати нолдан паст бўлганда инида қолдириб бўлмайди. Совуқ кунлари териб олинган тухумлар ҳарорати +8–12°С, яхши шамоллатиб туриш имконига эга хоналарда сақланади. Тухум учун юқори ҳарорат ҳам, паст ҳарорат ҳам зарарлидир.
Ғозлар асосан гўштга боқилишини инобатга оладиган бўлсак, унда олинадиган барча тухумлар ғоз жўжасини очириб чиқариш учун ишлатилади. Авваломбор ҳаммаси тўлиқ уруғлантирилган, инкубацияга яроқли тухумларни олишни аниқлаш зарур. Бунинг учун бир неча шароитлар яратиш керак бўлади. Биринчидан, бир бош эркак ғозга урғочи ғозлар сони тўрттадан ошмаслиги керак. Иккинчидан, ғозларни фақат уяларда тухум беришга ўргатиш зарур, уяни озода ва тоза тутиш керак. Уянинг поли тахтадан ясалади, тўшамаси янги, қалин ва қуруқ бўлиши керак.
Тухумларни уядан кунига 2 маҳал териш тавсия этилади. Тухумлар иссиқлигида терилса мақсадга мувофиқ бўлади. Уядан янги териб олинган тухумлар +12–18°С гача совутилади ва инкубацияга қўйилгунга қадар ҳаво ҳарорати +12°С ва нисбий намлиги 75–80% бўлган тоза хонада сақланади. Тухум сақлаш идиши (сават, қути, картон қути) тоза, қуруқ, моғорсиз ва бегона ҳидсиз бўлиши керак.
Тухумларни инкубаторга ёки курк бўлган ғознинг тагига қўйилгунга қадар горизонталь ётқазилган ҳолатда 15 кунгача сақлаш мумкин. Тухумларни 10 кундан кўп сақлаганда, уларнинг сифати пасаяди ва тухумдан ғоз жўжаларини очиб чиқиш фоизи камаяди.
Ғозларни паррандахонада боқиш
Ғозлар иссиққа талабчан эмас, паст даражали ҳаво ҳароратига чидамли, қуруқ тўшамада қаттиқ совуқдан ҳам қўрқмайди. Хўжалик томорқасида ғозларни боқиш учун мавжуд биноларни мослаштириш мумкин ёки янгисини қурса ҳам бўлади. Паррандахона қуриш учун катта маблағ керак бўлмайди, маҳаллий, қурилишдан ортиб қолган ёки эски биноларни бузишдан чиққан материаллардан ҳам фойдаланиш мумкин. Паррандахона томини қамиш, дарахт шохлари ёки сомон лой билан ёпиш мумкин. Полини тахтадан ясаган маъқул. Полига ернинг ўзини қолдириш мумкин, лекин ташқаридан 15–20 см баланд бўлиши керак. Хона тоза, қуруқ ва яхши шамоллатиладиган, елвизаксиз бўлиши керак. Хонанинг баландлиги ўртасида 2 м, девор олдида 1,7 м бўлади.
Тўшама учун хўжаликдаги қипиқ, қиринди, сомон, торф, майдаланган маккажўхори сўтаси, кунгабоқар ва тариқ лузгаларини ишлатиш мумкин. Тўшама қуруқ, тоза, нам кўтарадиган, моғорламаган бўлиши керак. Ғозларнинг соғлиги ва ҳолати, хонанинг ҳарорати ва намлиги таъсир этувчи тўшамага боғлиқ.
Ғозлар тўшамаси нам бўлса патлари ифлосланади, ҳурпайиб қолади ва танаси иссиқлигини яхши сақлай олмайди. Шу билан бирга озуқа сарфи кўпаяди, организмнинг ташқи муҳит таъсирига қаршилиги камаяди, ғозларда шамоллаш аломатлари пайдо бўлиши мумкин.
Ғозлар танаси қалин ва иссиқ парлар билан қопланганлиги учун совуқ ҳароратдан яхши сақланади.
Улар паррандахона ҳарорати -10°С бўлганда, вақтинчалик -25°С бўлганда ҳам чидайди. Лекин паст ҳароратда айниқса урчиш мавсумида ғозлар тухум бермай қўяди, шунинг учун паррандахона тирқишлари яхшилаб ёпилиб, иссиқликни яхши ушлайдиган бўлиши керак. Паррандахона ҳарорати -5°С дан совуқ бўлиши керак эмас, акс ҳолда тухумлар музлаб қолади ва инкубация даврида жўжа очиб чиқмайди.
Ғозлар учун емдонлар шундай ясаладики, улардан емлар ерга тўкилиб, сарфи кўпаймайдиган бўлиши зарур. Емдонлар енгил ва ишлатишга қулай бўлиши керак. Уларни тахтадан, фанердан ёки бошқа материаллардан ясаш мумкин. Ғозларни озиқланиш вақтида бир-бирини босиб ташламасликлари учун емдонларни шундай қўйиш керакки, барча ғозлар бир вақтнинг ўзида емдонлардан озиқланиш имконига эга бўлсин. Кўк ўтлар бериш учун ясель типидаги емдонлар ясалади. Емдонлар ҳар доим тоза бўлиши шарт.
Ғозларга сув беришда ёғоч, цемент тоғоралар, челак ёки бошқа идишлар қўлланилади. Тоғараларни диаметри катта металл трубалардан ҳам ясаш мумкин. Сувдондаги сув сачраб ерни ва тўшамани ҳўл қилмаслиги учун уларга металл ёки ёғоч сеткадан тўсиқлар қўйилади. Қишда сув музлаб қолмаслиги учун сувдонларга вақти-вақти билан иссиқ сув қуйиб турилади ёки имкон бўлса улар оқава сувга уланади.
Ғозларни сув ҳавзаси бор ўтлоқда боқиш улар организмининг умумий ҳолатига ижобий таъсир этади. Ғозлар бир кунда 2 кг гача кўк майса истеъмол қилишлари мумкин. Тухум қўйиб бўлгандан кейин ғозлар ўтлоққа чиқариб юборилади. Ғозларга ўтлоқ сифатида сув босиб ётган ерлар, сув чиқмайдиган ерлар, жарликлар, ботқоқликлар ҳайвонлар учун яроқсиз бўлган ўтлоқлардан фойдаланиш мумкин. Ғозлар ўтлоқда катта миқдорда кўк масса истеъмол қилганликлари учун озуқага бўлган талабини тўла қондириши мумкин. Озуқа сарфини тежаш учун бошоқли донлар ҳосили йиғиштириб олинган ер майдонларида ғозларни боқиш катта фойда беради. Улар ерга тўкилган донларни териб истеъмол қилиб, тез семиради.
Кичик ёшдаги ғозларни озиқлантириш
Ёш ғозлар омухта ем ва янги узилган кўк ўтлар, омухта емнинг нам қоришмаси, обрат, қайнатиб пиширилган картошка ва кўкатлар билан боқилади. Биринчи уч кун давомида майдаланган маккажўхори дони, қобиғидан ажратилган ва майдаланган арпа уни ёки бошқа дон, буғдой кепаги ҳамда майдаланган кўк ўтлар берилади. Учинчи кунидан бошлаб ғоз жўжалари омухта ем ва кўк ўтлар билан боқилади.
Ғозчалар учун омухта емни донлар, ўсимликларга ва ҳайвонларга оид оқсилга бой озуқалар, беда уни, қуруқ хамиртуруш ва минерал қўшимчалардан тайёрланади. Улар учун майдаланган нўхат яхши оқсил озуқаси ҳисобланади.
Ғоз болаларига нўхат, беда ва бошқа кўк ўтлар серсув вақтида, эрталаб ва кечқурун янги ўриб берилади. Ғозлар суви қочган, йўғон бандли ва ерга ётиб қолган ўтларни яхши истеъмол қилмасликларини ёддан чиқармаслик керак. Янги ўрилган ўтлар дарров ғозларга берилади, бир қисми майдалаб, омухта емга аралаштириб берилади. Янги ўрилган, майдаланмаган ўтлар кечаси ейиш учун кечқурун емдонларга солиб қўйилади. Алоҳида емдонларда минерал қўшимчалар ва майда тошлар доимо бўлиши керак.
Катта ёшдаги ғозларни озиқлантириш
Ғозларни боқишда шахсий томорқада ва кичик фермаларда арзон маҳаллий озуқалардан – кўк масса, сабзи, картошка, қовоқ, карам барги, шолғом, лавлаги, илдизмевалилар барги, беда ва ўт уни, омухта силослардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади. Рацион таркиби уларнинг маҳсулдорлигига, йил мавсумига ва хўжаликдаги мавжуд озуқага боғлиқ.
Паррандани боқишда насл олди мавсуми ва насл мавсумида озиқлантиришга алоҳида эътибор берилади. Тухум қўйиш мавсумига тайёргарлик кўрила вақтда ғозлар насл мавсумидаги рацион бўйича боқилади. Қишда кўпроқ озуқалардан сули маъқул келади.
Маккажўхори ва арпа донлари билан боқилганда наслли парранда тез семириб, баданини ёғ босиб кетади. Танасини ёғ босиб кетган ғозларда гўшт чиқиндилари ҳажми кўпаяди.
Бундай ғозлар уруғланмаган тухум беради. Лекин танасини ёғ босиб кетишининг олдини оламан деб, ғозларнинг озиб кетишига йўл қўймаслик керак. Фақат яхши семизликдаги парранданинг маҳсулдорлиги юқори бўлади.
Шунинг учун маҳсулдорлик мавсумига тайёргарлик кўрилаётганда донли озуқаларга кўпроқ беда ёки турли ўтлар пичани, буғда юмшатилган беда, силос ва илдизмевалилар (картошка, лавлаги, сабзи) қўшилади. Картошкани хомлигича майдалаб бериш мумкин. Насл мавсуми февраль-март ойлари бошланади.
Ғозларга бир кунда 3–4 маҳал озуқа берилади, шулардан икки маҳал нам қоришма, кечасига дон берилади. Ғозлар организмида маҳсулдорлик даврида минерал модда алмашинуви кучаяди, шунинг учун керакли миқдорда кальций, фосфор ва натрий моддаларини қабул қилиш керак бўлади.
Баҳор бошланишидан ғозларга кўк масса бериш бошланади. У тухум маҳсулдорлигини ва уруғланишни кўтаради. Майдаланмаган кўк масса ясель типидаги емдонларга солиниб ғозларнинг бир бошига 1 кг кўк масса ҳисобида берилади. Омухта емга аралаштириб берилади. Кўк масса ёш ва ўзаги қотмаган бўлиши керак.
Ўсимликларнинг қуруқ модда ҳисобидаги енгил хазм бўлувчи оқсиллар тўйимлилиги ва таркиби бўйича омухта емга яқин, лекин биологик хусусиятлари қимматли ҳисобланади: унда омухта емга нисбатан аминокислоталар, витаминлар ва минераль моддалар кўп миқдорда бўлади. Айниқса кўк масса каротин манбаи ҳисобида қадрлидир. Кўк масса таркибида эстроген моддалар бўлиб, эркак ва урғочи ғозлар урчитиш ва урчиш сифатларини оширади.
Манба: agro.uz
[print-me]