Мевали боғларнинг ҳосилдорлигини оширишнинг асосий омилларидан бири – уларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилишдир. Юртимиз боғларида уруғ мевали дарахтлардан олма, нок ва беҳига ўсимлик битлари (ширалар), қон бити, қалқондорлар ва ўргимчаккана жиддий зарар етказади.
Ўсимлик битлари (ширалар) тушган олма, нок, шафтоли, ўрик, олхўри, бодом каби мевали дарахтлар барглари бужмайиб қолади, баъзан эса тўкилиб кетади. Ёш кўчатлар, жумладан, шафтоли ниҳолларига ширалар, айниқса, катта зарар етказади: мева ширасини сўриб, сифатини пасайтиради. Нимжон бўлиб қолган дарахтларга иккиламчи зараркунанда — пўстлоқ ости қўнғизлари тушиб зарарлайди, дарахтлар қуриб қолади.
Баҳор охирларида шираларнинг кўп турлари мевали дарахтлардан бошқа ўсимликлар ёки сабзавотларга ўтади. Хонқизи, сирфид пашшаси, олтинкўз, яйдоқчи каби фойдали ҳашаротлар ширалар билан озиқланиб уларнинг миқдорини камайтиради.
Боғларда шираларнинг миқдори кўпайиб кетганда қуйидаги кимёвий препаратлар ёрдамида кураш ўтказилади: Кинмекс – 0,3; Децис – 0,5–1; Би-58 (янги), Нугор ёки Данадим – 1–2; Карбофос ёки Фуфанон – 1–3; Данитол – 1,5; Циперметрин – 0,32; Дуэт, Нурелл-Д, Сайрен-С, Тагрелл-Д, Ципи плюс ёки Циперфос – 1–1,5 л/га.
Қон бити олма, нок ва беҳи дарахтларининг илдизини, тана ва шохларининг ширасини сўриб, дарахтларни кучсизлантиради. Битнинг шира сўрган жойларида ғуддалар пайдо бўлади, улар кейинчалик ёрилиб, чирийди. Қон бити тушган ёш дарахтлар кўпинча қуриб қолади, кекса дарахтлар эса кучсизланиб, ҳосили жуда камайиб кетади. Қон бити кўп тушган шохлар қурийди. Битларнинг галалари сидирға мум пар билан қопланади. Қон бити ёз бўйи 15-17 марта авлод бериб ривожланади.
Қон битига қарши курашда кимёвий воситалардан фойдаланиш яхши самара беради. Қон бити ёш личинкалик даврида қуйидаги системали таъсир этувчи препаратлар билан ишлов бериш керак: Карбофос ёки Фуфанон – 1–3; Данитол – 1,5; Дуэт, Нурелл-Д, Сайрен-С, Тагрелл-Д, Ципи плюс ёки Циперфос – 1–1,5 л/га.
Қалқондорлар мевали дарахтлар, резавор мева, буталар ва манзарали ўсимликларга зарар етказади. Калифорния қалқондори мевали дарахтларнинг шохи, новда, барг, дарахт пўстлоғи ва мевасини зарарлайди. Натижада дарахтлар кам ҳосил беради, кучли зарарланганда қуриб қолиши мумкин. Сохта қалқондор личинкаси калифорния қалқондоридан каттароқ бўлади, баҳорда тез кўпаяди ва ўзидан шира ажратади.
Асосий зарар қалқондорларнинг озиқланиши натижасида вужудга келади: мева ва барг юзасида доғ ҳосил қилади. Бундай меваларнинг сифати паст, узоқ муддат сақлаш қийин. Сохта қалқондорлар кўпайганда дарахт ўсишини сусайтиради. Бинафшаранг қалқондор олма дарахтининг энг хавфли зараркунандаларидан бири. У дарахтнинг танаси, шохи, новдаси ва ҳосилини зарарлайди. Дарахтнинг кучли зарарланган қисми қуриб қолади. Дарахт танаси ва шохида кўпгина дарз ва ёриқлар пайдо бўлади. Дарахтлар ўсишдан тўхтайди, танаси деярли йўғонлашмайди, шох ва новдалари қурийди. Бинафшаранг қалқондор тушган ёш дарахтлар 2-3 йилда нобуд бўлади.
Қалқондорларга қарши кураш чораларини ўтказишда юқори самарага эришиш учун уларнинг “дайди” личинкалари пайдо бўлган пайтда: Атилла – 0,4—0,8; Люметрин – 0,25-0,4; Далметрин – 0,1-0,15; Децис – 0,5; Конфидор ёки Пиларкинг – 0,15-0,25; Карбофос ёки Фуфанон – 1-3; Данитол – 1,5 л/га препаратларининг бирини пуркаш зарур.
Манба: agro.uz
[print-me]