Август ойи фермер ва деҳқон миришкорлар учун жуда долзарб ҳисобланади. Чунки бир томондан ёзнинг энг иссиқ даври (чилла) бўлса, иккинчи томондан ҳар хил турдаги мевалар навларининг бирин-кетин пишиб етилиш давридир. Бу вақтда қилинадиган ишлар ҳам кўпаяди ва ҳарорат юқори бўлиши боис маҳсулотлар бузилишига олиб келиши мумкин. Шу кунларда боғларда ҳосилга кирган ва ҳосили етилган меваларни териб олишга киришилади. Мева истеъмолчининг тала бидан келиб чиққан ҳолда техник пишиш ёки физиологик пишиш даврида терилади.
Боғларнинг қатор оралари ишлов берилган ва тоза бўлиши шарт. Август ойи бошида берилган сув чилла суви бўлиб, анча самарали бўлади. Ой давомида ҳосилли боғлар ва айниқса ёш боғларда тупроқнинг намлик даражасига катта аҳамият бериш зарур. Тупроқ шароити ва ўсимликнинг туридан келиб чиққан ҳолда камида 2 маротаба, ёш боғларда камида 3 маротаба суғориш керак.
Ҳосилли боғларда бу даврда келаси йил учун мева куртаклари шакллана бошлайди ва тупроқда нам етишмаса, бу жараёнга салбий таъсир кўрсатади. Бу эса ўз навбатида келаси йил ҳосилига салбий таъсир этади. Ёзги шакл бериш аҳамияти данакли боғларда ва ёш уруғли интенсив боғларда жуда яхши самара беради. Мева куртаклари шаклланадиган даврда, август ойида дарахт танасига ёруғлик тушиш миқдори кескин ошади ва бу куртак шаклланишига ҳамда данакли дарахтларда мева шохларининг пишиб етилишига ижобий таъсир кўрсатади.
Айни кунларда боғ ва токзорларда бўлган кишининг у ердаги мева-узум ҳосилининг ғарқ пишганини кўриб, халқимиз ризқи улуғлигига яна бир бора амин бўлади. Ана шундай долзарб паллада етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш боғбонлардан катта масъулият талаб қилади. Териб олинган маҳсулотлар қуёш нури остида қолиб кетмаслиги зарур. Уларни қатор ораларидан пана (салқин) ерга олиб чиқиш лозим.
Боғларда кечпишар мева навларини зараркунандалардан ҳимоя қилиш мақсадида дорилаш ишларини ўз вақтида ўтказиш лозим.
Беҳи, кечпишар олма ва нок боғларида олма қуртининг учинчи авлодига ва нок ширасига қарши июль ойининг охирги беш кунлигида пуркаш ўтказилмаган бўлса, августнинг биринчи беш кунлигида бу тадбир
ўтказилса самарали бўлади.
Бунинг учун кенг тарқалган “Нурел-Д”, БИ-58, “Зиппер”, “Ариво” 100 л сувга 100-120 г ҳисобидан ёки “Циперфос” 100 г, “Каратэ”, “Децис”, “Суми-альфа”, “Шерпо” (100 л сувга 40-50 г) препаратлардан бирини қўллаш мумкин.
Мева каналарининг тарқалиши кузатилса, бу препаратларга “Вертемекс”, “Неорон”, “Абамиктин”, “Нисорон” препаратларини (100 л сувга 50-150 г) қўшиб омухта ишчи суюқлиги билан пуркалади. Намланувчи олтингугуртнинг 1 фоизлиги ҳам самара беради.
Токзорларда қалинлашиб кетган катта шох-новдаларнинг юқори қисмини қисқартириб, кесиб ташлаш, яъни чеканка қилиш ишларини бажариш керак. Темир-бетон устунларда (шпалер) ток ўстирилаётган бўлса, охирги симбағаздан 50 см. дан юқори қисми кесиб ташланади.
Чеканка натижасида новдалар ва мевалар яхши пишади, шираси ошади ва кейинчалик токни кесиш осонлашади. Ўртапишар узум навларининг ҳосили териб олина бошлайди.
Кечпишар узум навлари пишишидан 15-20 кун олдин токзор суғорилади. Токзорларда чилла даври чиқиши билан қалинлашиб кетган тупларда узумбошларига соя ташлаб турган барглар олиб ташланади.
Манба: «Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги» журнали 8-сон 2019 йил, қ.х.ф.н. Р.Абдуллаев, академик М.Мирзаев номли БУваВИТИ
[print-me]