Анжир – тутдошлар (анжиргуллилар) оиласига мансуб субтропик мева тури. Туркия, Жазоир, Европанинг жанубида, АҚШда катта майдонларни эгаллайди, Кавказ, Ўрта Осиё, Қримда ҳам етиштирилади. Ёввойи ҳолда Ўрта денгиз бўйи, Кичик Осиё, Эрон, Шимолий-ғарбий Ҳиндистонда ўсади. Анжир жуда қадимдан маданийлаштирилган ўсимлик ҳисобланади. Осийода қарийиб 5 минг йилдан, Европада камида 2 минг йилдан бери етиштирилади.
Анжир меваси таркибида 10-28% қанд бўлади. Қуритилганда эса қанд миқдори 86% гача етади. Шунингдек мева таркибида А, C, Б, Б2 витаминлари, минерал тузлари бўлиб, у жуда шифобахш ҳисобланади. Қуритилган ҳамда қайта ишланган махсулотини узоқ вақт сақлаш ва узоқ ерларга юбориш мумкин. Гули арилар ёрдамида чангланади. Лекин Ўзбекистонда экиладиган ҳамма анжир навлари чангламасдан мева тугади. Бундай жараён партеногенез дейилади. Чангламасдан ҳосил бўлган анжир мевасининг уруғи яхши унувчан бўлмайди. Анжир гулини сунъий йўл билан чанглатиш ҳам мумкин, буни каприфигатсия дейилади.
Анжир бир мавсумда 2 марта ҳосил беради. Биринчи ҳосили июн-июл ойларида етилади. Буни “ҳоки ҳосил” дейилади, умумий ҳосилнинг 2% ни ташкил қилади. Иккинчи ҳосили 98% ни ташкил қилиб, август-сентябр ойларида пишади.
Иккинчи ҳосил берадиган куртаклар шу йилги ўсув даврида пайдо бўлган новда, бурглар қўлтиғида июн ойидан бошлаб шаклланади. Новданинг пастки қисмида ҳосил бўлган куртаклар барвақт мевага айланиб, новданинг юқорисига қараб ҳосил бирин-кетин пишиб етилади. Бир йиллик новдаларда мева тугилиб, пишиб етилгунча 75-85 кун ўтади. Анжирнинг новда ва баргларида сутга ўхшаш қуруқ шира бўлади.
Анжир ҳосили ҳар 4-5 кунда бир марта терилади. Ҳосилга кирган бир туп анжирдан 10-40 кг гача ҳосил олиш мумкин. Ўзбекистонинг жанубий вилоятларида анжир давомли ўсиб, новдаларида пайдо бўлган ҳосил деярли тўлиқ пишиб етилади, шимолий вилоятларида куз эрта бошлангани учун ҳосил тўлиқ пишиб етилмайди ва кўпинча совуқ уриб кетади.
Анжирнинг тупи ва пишган новдаси 12-15°C совуққа чидайди. Лекин 16°C кўмилмай қолган анжир тупини илдиз бўғзигача совуқ уриб кетади. Шунинг учун анжир туплари октябр ойининг иккинчи ярмида ноябр ойининг биринчи ўн кунлигигача анор тупларига ўхшатиб кўмилади.
Баҳорда анжир туплари тахминан 20 мартдан 5 апрелгача очилади. Бунда анжир тупларининг шикастланган ва кесилган новдалари олиб ташланади, туплари кўтарилиб, остига тиргавуч қўйилади. Анжирнинг ҳосилдорлиги уни очиш муддатига боғлиқ. Кеч очилса, ҳосили камайиб кетади. Анжир асосан бир йиллик қаламчалардан кўпайтирилади.
Ўзбекистон сариқ анжири – мамлакатимизнинг ҳамма вилоятларида тарқалган бўлиб, бутун анжирзорларнинг 90% ини ташкил қилади. Ҳосили ўртача, ўн яшарлигида ҳар тупи 40-50кг ҳосил беради. Меваси йирик, сариқ, ясси шаклда, ўртача оғирлиги 60-80гр. Сариқ анжирнинг меваси ҳўллигида ейилади.
Симирин қора анжири – Тошкент вилояти, Наманган вилоятининг Чуст, Поп, Сурхандарё вилояти Термиз раёнининг жанубий зонаси, Денов раёни, Андижон, Хоразм ва Бухоро вилоятларида экиш учун тавсия этилган.
Тупи ёйилиб ўсади, барглари қорамтир кўкиш рангда бўлади. Меваси ноксимон, қорамтир-бинафша рангда, мазаси ширин бўлади. Янги териб олинган меваси салқин жойда 3-5 кун сақаланади. Бир йилда икки марта ҳосил олинади. Тошкент вилояти шароитида бир тупидан 45-50кг гача ҳосил олиш мумкин. Томорқаларда экиш учун тавсия этилади.
Манба: mygarden.uz
[print-me]