Ёш она арили кичик оилаларни қишлашга тайёрлаш

Ёш кичик оилаларда қолдириладиган урчиган она арилардан қишлаш вактида она ариси ўлган оилаларни она ари билан таъминлаш хамда эрта бахорда ёш оила ажратишда фойдаланилади. Арихоналарда ҳамма арилар сонига нисбатан 20-30% ҳисобида, яъни хар 10 та ари оиласига 2-3 та ёш она арили кичик оила қишлашга тайёрланади. Айрим ҳолларда ёш она арили кичик ари оилаларини қишлашга қолдириб, эрта бахорда қўшимча ёрдамчи она арилик оила ажратишда фойдаланилади.

Қишлашга қолдириладиган кичик оиланинг она ариси ёзда етиштирилади ва ари кирадиган тешикчалари уянинг олд тарафида қилинади. 12 та рамкали уянинг 2 та чекка қисмида 4 тадан, ўрта қисмига эса 3 тадан мумкатак рамка сиғадиган қилиб 3 қисмга бўлинади. Агарда 20 та рамкали ётиқ уя бўлса, у ҳолда уяни 4 та мумкатак рамка сиғадиган қилиб тенг 4 қисмга бўлинади ва ажратилган ёш кичик оила шу ерга ўтказилади.

Она ариси урчиб, тухум қуя бошлаши билан ажратилган кичик оила ўз кучи билан ривожланиб, озиқ тўплайди. Кеч кузгача ривожланиб, 3-4 та тўлиқ рамкада ариси билан қишлайди. Қишлашга қолдириладиган кичик оилаларнинг ҳар бирида 6-8 кг дан озик қолдирилади.

Қишга рамкаларнинг ярмигача гулчанг озиғи бор мумкатак инчали рамкалар танлаб қолдирилади. Қолдириладиган ҳар битта рамкада 2-2,5 кг дан озиқ бўлиши керак. Уянинг олд тарафидаги ари кирадиган тешикчаларни бир-биридан фарқлаш учун уянинг олд деворига тахтача тик ҳолатда қилиб тўсиб қўйилади ва ҳар битта бўлим алоҳида рангда бўлади. Шундай қилинганда она ари ҳамда ишчи арилар адашмай уз уясига киради.

Қишлашга кетказилаётган она арили кичик оиланинг асосий оила уясининг ёнида чўнтак тариқасида кичик 4-5 рамка сиғадиган бўлинма ташкил қилиниб, ўша чўнтак қисмида қишлатиш мумкин. Уянинг чекка қисмидаги тусқич тахта ёки фанер суғуриб олинадиган ва суриладиган қилинса, кичик оилани баҳорда ривожлантириш вақтида оиланинг ички ҳажмини мумкатак рамкалар ёрдамида кенгайтиришга қулайлик яратилади. Бундан ташкари, уянинг орқа деворида қишлаш вақтида нам ҳаво ортиқча тўпланмаслиги учун 5 мм ли тирқиш қолдирилиб, у тешикчанинг олдига бироз похол ёки сомон солинган ёстиқча осиб қўйилса, мақсадга мувофик бўлади. Чунки ари оиласи инчали рамкалари устига мато ёпқич ёпилганда, арилар ёпқични прополис (елимсимон модда) билан суваб ташлайдилар ва натижада ёпкич намликни ўтказмай қўяди.

Уянинг орқа деворидаги 5 мм ли тирқиш эса ҳаво яхши алмашишини таъминлайди. Уянинг олд тарафидаги 2 та ҳаво алмашиш тешикчасига қараганда унинг аҳамияти катта.

Манба: «Асаларичиликни ривожлантириш асослари», А.И.Исамуҳамедов, Ҳ.К.Никадамбаев

[print-me]

Related posts

Асаларичиликда февраль ойида бажариладиган ишлар

Асаларичиликда август ойида бажариладиган ишлар

Асаларичиликда май ойида бажариладиган ишлар