Тупроқнинг шўрланганлиги ҳосилдорликни паст бўлишига таъсир қилувчи омиллардан биридир. Орол денгизининг қуриши мамлакатимиз унумдор ер майдонларининг қисқаришига сабаб бўлмоқда. Ерларнинг шўрланганлик даражасини аниқлашнинг турли хил усуллари бўлиб, қуйида энг оддий ва осон усуллардан бирини келтирамиз.
Авваламбор экин майдонининг марказидан 1,5-2 метрлик чуқур кавланади. Уранинг энг чуқур жойидан тупроқ олинади. Тупроқ ховончада майда туйилгач, унга ёмғир суви қўйиб аралаштирилади. Ёмғир суви тупроқ устидан ошиб туриши керак. Сув тингунча кутиб турилади. Сўнг тупроқ юзасидаги сувдан бармоқни ботириб, таъми текширилади. Агар унинг мазаси аввалги ҳолича, яъни ўзгармай турса, демак, ер яхши бўлади. Агар сув шўр ёки тахир бўлса, у ер шўрланган бўлади ва кураш чораларини қўллаш зарурлигини англатади.
Шўр ерда хурмодан бошқа ҳеч нарса ўсмайди. Агар, намли ерга экилган уруғ униб чиқмаса, демак, уруғни қуруқ ерга экиш лозим. Қуруқ ерда унмаган уруғ намли ерларга экилса, яхши унади.
Мутахассислар фикрича, буғдой ва мошни намли ерларга экиш керак. Агар қуруқ ерга экилса, яхши ўсмайди. Нўхат, ясмиқ ва бошқа донларни ҳам намли, ҳам қуруқ ерга экиш мумкин.
Шўрланган сабабли ҳосил яхши бўлмаган ерга бир йил Миср боқиласи экилса, кейинг йил у ердан мўл ҳосил олиш мумкин. Шунингдек, лавлаги ҳам шўрга мойил бўлган ерларни яхши ўзгартириб, шўрини йўқотади. Тузни ўзига тортиб олади ва ер ҳолатини яхшилайди.
Пахта экиладиган ер шўрга мойил бўлса, лавлаги уруғидан озроғини пахта чигити билан аралаштириб экиб юборилса яхши натижа беради.
Манба: mygarden.uz
[print-me]