Сел келиш хавфи юзага келганда аҳолига эслатма

Сел — катта миқдорда тоғ тошлари, қум ва тупроқ жинслари билан биргаликда тоғдан оқиб тушувчи сув оқими бўлиб, мунтазам жала қуйиши (85% ҳолатларда), тоғ қорларининг эриши (4% ҳолатларда), сув омборлари, музлаган сув ҳавзалари қирғоқларининг ўпирилиб кетиши натижасида (1,3% ҳолларда) юзага келиши мумкин.

Катта ҳажмга ва юқори тезликка эга бўлган сел оқими, йўлидаги барча биноларни, аҳоли яшайдиган уйларни, қишлоқ хўжалик экинларини, боғларни пайҳон қилиб, одамлар ва ҳайвонларни нобуд қилади.

Ўзбекистон Республикасидаги барча тоғ ва тоғ олди ҳудудлари сел хавфи бўлган зоналарга киритилган. Республиканинг Наманган, Фарғона, Сурхондарё, Тошкент, Самарканд ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудлари сел хавфи мавжуд ҳудудлардан ҳисобланади. Сел оқими вужудга келиши апрел ва май ойларига тўғри келади, бу даврда тоғ ва тоғ олди ҳудудларида кўп ёмғир ёғиши кузатилади.

Сел хавфи бўлганда аҳолининг ҳаракати бўйича тавсиялар:
  • Сел хавфи бўлган ҳудудларда яшовчи ҳар бир киши унинг уйи, хўжалигини сел келиш ҳудудида жойлашганлиги ҳақидаги маълумотга эга бўлиши керак ва Ўзгидромет, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ҳокимиятлар вакиллари томонидан берилган кўрсатмалардаги сел ва сув тошқинидан ҳимоя қилиш йўл-йўриқларига амал қилиши зарур;
  • Сел оқимларидан фақат қочиб қутилиш мумкин. Сел хавфи тўғрисида ҳабар эшитгандан сўнг дархол хавфсиз жойга кўчиш ҳаракатларини қилиш керак. Сел оқимининг тез фурсатда шаклланиши, унинг тезлигини ҳисобга олган ҳолда, хабар тарқатиш ва муҳофаза тадбирларини бажариш учун вақт жуда чегараланганлигини (10-20 дақиқагача) доимо ёдда тутиш лозим;
  • Сел оқимидан халос бўлишнинг иложи бўлмаса, баландроқ тепалик устига, дарахтга ёки бирор баландроқ мосламалар устига чиқиш керак. Одатда сел 3-5 соат вақт давом этиши мумкин;
  • Сел оқими ўтгандан сўнг девор ва устунларнинг ҳолатини, газ, электр ва сув таъминотининг созлигини текшириш зарур.
Сел оқибатларини камайтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар:
  • Доимо сел тошқини рўй бериши эҳтимол бўлган ҳудудларда жойлашган уй-жойлар ва бошқа объектлар рўйхати аниқланиб турилади;
  • Аҳоли ва объектларни муҳофаза қилиш учун ўтказиладиган тадбирларнинг йўл-йўриқлари кўрсатилган тегишли тавсияномалар тарқатилади;
  • Сел хавфи юзага келганда кузатув ва хабар бериш хизмати ташкил этилади;
  • Агротехник тадбирлар амалга оширилади: ёнбағирларда ерга кўндалангига ишлов бериш, тоғ ёнбағирларини поғона-поғона қилиш, тоғ адирларида сув йўллари очиш, ер ҳайдалиб экиладиган экинларни экишга йўл қўймаслик, емирилишга қарши тадбирларни амалга ошириш, дарё ўзанлари, тоғ адирларида ўрмончиликни ташкил этиш ва уларни сақлаш;
  • Сел омборлари, селни ушлаб турувчи, селни бошқарувчи ва селга қарши гидротехник иншоот, селхоналарни қуриш ишлари амалга оширилади.

Кўп йиллик кузатишлар мобайнида Ўзбекистон ҳудудида сел тошиш эҳтимоли апрел-июн ойларида бир мунча фаоллашуви қайд этилган ва содир бўлган ҳодисалар қуйидагича тақсимланган: апрел ойида 30%, май ойида 36%, июн ойида 14%.

Манба: fvv.uz

[print-me]

Related posts

Мазали тарвуз танлаш бўйича маслаҳатлар

Жазирама иссиқдан сақланиш бўйича маслаҳатлар

Мазали мандарин танлаш бўйича маслаҳатлар