Пекин карамини қишки-баҳорги мавсумда ўстирса бўлади. Салатнинг «Московский парниковий» нави анча кенг тарқалган. Қишки ойнабанд ёки иситиладиган плёнкали иссиқхоналарда пекин карами уруғи зич экин сифатида, помидор ёки бодринг билан етиштирилади.
Асосий экин кўчатини экишдан 2-3 кун аввал зич экин сифатида пекин карами уруғи сепилади. Уруғ асосий экиннинг икки ёнига 4-6 қаторли лента усулида тайёрланган икки эгатга сепилади. Лентадаги қаторлар оралиғи 5 см бўлиши керак. 1 м2 ерга 1-2 г уруғ сарфланади. Январда экилган пекин карами 35-40 кунда тайёр бўлади.
Ўзбекистоннинг марказий ҳудудларида пекин карами қуёш нури билан иситиладиган иссиқхонада биринчи оборотда февралнинг биринчи ўн кунлигида экилади.
Вақтинча ёпиладиган плёнка остида пекин карамини етиштириш учун енгил, унумдор тупроқли участка танланади. Участкани куздан бошлаб чиринди ёки компост, суперфосфат, калий хлор билан ўғитлаш керак. Кузда тупроқ асосий экиш олди ишловидан чиқарилади. Эрта баҳорда уруғ сочиб ёки пушталаб экилади. Бунда 1 м2 ерга 1, 5-2 г уруғ сарфланади. Пушта усти чиринди билан енгилгина мулчаланади ва дарҳол плёнка ташланади.
Баъзан пекин карами эртаги карам кўчатидан бўшаган иссиқхоналарда ҳам етиштирилади (январь охирида). Бунда қатор оралиғи 6-7 см бўлиб, битта рамага 6-7 г уруғ сарфланади. Ниҳоллар ягана қилиниб, ҳар бирига 5-6 см озиқ майдони қолдирилади.
Пекин карами зич экин сифатида экилганда асосий экинга тавсия этиладиган ҳаво ҳарорати ва намлиги режимига риоя қилиш керак. Салат мустақил экин сифатида экилганда эса ҳарорат дастлабки кунларда 12-14°С, биринчи ҳақиқий барг чиқарганда 16-18°С атрофида бўлиши лозим. Ўсимликнинг қизиб, ҳаво намлигининг ошиб кетишига йўл қўйиб бўлмайди. Ҳавонинг оптимал намлиги 80% дан ошмаслиги даркор. Пекин карамини эҳтиёткорлик билан бироз чанқатиб туриб, сўнгра тўйдириб суғорилади. Бироқ намликнинг ортиқча бўлишига йўл қўйилмайди. Бир-икки марта аммонийли селитра (10 л сувга 40-50 г) билан озиқлантирилади.
Ушбу сабзавот 7-10 та ҳақиқий барг чиқарганда йиғиб олинади. Зич экин сифатида етиштирилган салатнинг ҳар 1 м2 дан 0, 8-0, 9 кг, мустақил экин сифатида етиштирилганида 2-2, 5 кг дан ҳосил олинади.
Манба: «Иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ва юритиш», Ғ.А.Саматов, Ж.Й.Ёдгоров, З.Т.Сиддиқов
[print-me]