Соя кўплаб хусусиятларга эга ўсимликдир. Унинг дони ўз таркибида 50% оқсил ва 28% гача мой борлиги учун ўта қимматбаҳо экинлар гуруҳига киради. Соя донидан бугунги кунда халқ хўжалиги учун зарур бўлган 400дан ортиқ турли хил маҳсулотлар ишлаб чиқилади. Дони озиқ-овқат саноатида ишлатиладиган экологик тоза сифатли хомашёдир. Аҳоли истеъмол қиладиган, ўз таркибида зарарли моддалар сақламайдиган ўсимлик мойининг 35 % соя донидан олинади. Мойи ажратиб олингандан сўнг соя изоляти ҳосил бўлади ва унинг таркибида оқсил миқдори 75% га етади. Саноатда линолиумлар, энг сифатли ва қимматбаҳо машина бўёқлари олинади.
Соя етиштириш чорвачиликда муҳим аҳамиятга эга, чунки у кўп озуқа бирлигига эга. Соя 100 кг донида 138 озуқа бирлигини сақлайди. Ушбу кўрсаткич, маккажўхори беда ва бошқа экинларда соядан кўра паст ҳисобланади. Ҳатто унинг 100 кг қуруқ пояларида 52 озуқа бирлиги мавжуд. Дунёда молларнинг тез семириши ва паррандаларнинг кунлик вазнининг ошиши учун албатта уларнинг кундалик рационида сояли маҳсулотлар киритилади.
Соя барча қишлоқ хўжалик экинлари – кузги ғалла, ғўза, маккажўхори, сабзавотлар ва бошқа экинлар учун энг яхши ўтмишдош экин ҳисобланади.
Соя экинидан мўл ҳосил етиштиришда тупроғи унумдор, сув таъминоти яхши бўлган майдонларни танлаб олинади. Шунингдек, экинни тупроқ шароитидан келиб чиққан ҳолда жойлаштириш мақсадга мувофиқдир.
Соя экиладиган майдонга 90 кг фосфор ва 60 кг калийли ўғитлар 100 % берилади. Дала бегона ўт қолдиқлари ва илдизларидан тозаланиб, обдон текисланади.
Республикамизнинг тупроқлари таркибида соя ўсимлигига мослашган бактерияларнинг мавжуд эмаслиги сабабли экинни экишдан аввал уруғларга албатта “Ризотоптин”, “Ризобиум”, “Брадиризобиум” биоўғитларининг бири билан 600–800 г/га ҳисобида ишлов берилиши керак. Акс ҳолда соя ўсимлиги илдизида биологик азот тўпланмайди.
Қуёш нури тушмайдиган жойга бир текис ёйилган уруғлар устидан биоўғитлар бир хилда сепилади. Сўнг яхшилаб аралаштиргач, усти мато билан бир оз муддат ўраб қўйилади. Ишлов берилган уруғлар ўша куннинг ўзида экилиши керак. Акс ҳолда фойдали бактериялар ўз кучини йўқотади.
Сояни экиш учун энг мақбул муддат тупроқнинг 0–10 см қатламдаги ҳарорат 12–14°С атрофида бўлишидир.
Қатор ораси 60 ёки 70 см бўлган пуштага йирик-майдалигидан келиб чиққан ҳолда 60–80 кг меъёрда уруғлик сарфланса, ҳар гектар майдонда ўртача 350–400 минг туп кўчат олиниши таъминланади. Уруғлик СПЧ-6-8 пневматик сеялкасида 4–5 см чуқурликка экилиши энг мақбул ҳисобланади.
Соя уруғини экиш ишларини жанубий вилоятларда март ойининг охирида олиб борилади. Марказий вилоятларда апрелнинг биринчи ярмидан бошлаш маъкул. Шимолий вилоятларда эса иккинчи ўн кунлигидан бошлаб ойи охирига қадар якунлаш мақбул ҳисобланади.
Уруғларни тупроқнинг табиий намлиги ҳисобига ундириб олиш муҳим аҳамиятга эга. Агар тупроқда намлик етарли бўлмаса, майдонга енгилгина уруғ суви бериш талаб этилади. Акс ҳолда кўллаган жойлардаги уруғлар ўз унувчанлик хусусиятини йўқотади. Бу эса кўчат қалинлиги меъёрдан кам бўлишига олиб келади.
Ниҳоллар униб чиқиб, биринчи учталик барглар ҳосил бўлганда тупроқда ҳаво алмашишини таъминлаш, иссиқлик ва сув ўтказувчанлигини яхшилаш мақсадида қатор оралари культивация қилинади.
Бунда КРХ-4 культиватори ишчи органлари камида 10–12 см чуқурликка, ўсимликлардан эса 8–10 см узоқликда юрадиган қилиб жойлаштирилиши керак. Вегетация давомида қатор ораларига камида 2–3 марта культиватор билан ишлов берилади.
Майдонни бегона ўтлардан тозалаш мақсадида ўтоқ ва кетмон чопиқ қилиб турилади. Тупроқ шароитига кўра сизот сувлари юза жойлашган майдонларда 1 марта чуқур чизелланиши мақсадга мувофиқдир.
Маълумотларга кўра, соя экинидан юқори ва сифатли ҳосил олиш учун соф ҳолда 70–75 кг азотли, 90 кг фосфорли ва 60 кг калийли ўғитлар берилиши керак. Биринчи азотли озиқлантириш шоналаш даврига қадар ўтказилиши керак. Бунда қатор ораларига 30–35 кг/га миқдордаги азот культиватор ўғитлагич билан 12–14 см чуқурликка берилади.
Иккинчи азотли озиқлантириш шоналаш-гуллаш даврида ўтказилиб, 40 кг/га миқдорида 16–18 см чуқурликка солинади. Азотли ўғитларнинг бундан кеч муддатларда берилиши экиннинг ўсув даврини кечиктириб юборади.
Тупроқ шароитларидан келиб чиққан ҳолда биринчи суғориш шоналаш-гуллаш босқичида ўртача 600–650 м3/га, иккинчиси гуллаш-дуккаклаш даврида, учинчиси донининг тўлиши даврида 800–850 м3/га меъёрда ўтказилади. Шунингдек, соя донининг пишиш босқичида намлик етарли бўлишини таминлаш мақсадида ҳар 15–20 кунда суғориб туриш мақсадга мувофиқ.
Суғориш ишларининг ўз вақтида амалга оширилиши доннинг тўлиқ бўлишини таъминлайди. Намлик етишмаса соя дони майда бўлиб, ҳосилдорликнинг кескин камайиб кетишига олиб келади.
Соя экинига ўргимчаккана, шира, оққанот, кузги тунлам, кўсак қурти каби зараркунандалар зарар келтиради. Уларга қарши курашишда биологик ва кимёвий қарши кураш чораларини уйғунлашган ҳолда қўллаш яхши самара беради.
Сўрувчи зараркунандаларга қарши олтинкўз имогасини белгиланган нисбатларда ва тартибда тарқатиш мақсадга мувофиқ. Кимёвий курашишда эса комплекс таъсир этувчи препаратлардан фойдаланиш зарур.